Ўзбекистон элчиси Жавлон Ваҳобов (қароргоҳи Вашингтон шаҳрида) Канада генерал-губернатори Жюли Пайеттга ишонч ёрлиқларини топширди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар қилди.
Генерал-губернаторнинг расмий қароргоҳидаги маросимдан сўнг бўлган учрашув чоғида Канада раҳбари Ўзбекистон «ўзининг буюк тарихи ва дунёнинг ўта муҳим қисмидаги стратегик жойлашуви билан» машҳур деб эътироф этди.
Бундан ташқари, аввал машҳур астронавт бўлган генерал-губернатор «ўзбек фани ноёб илмий ишланмаларни таклиф этиш ва уларнинг асосида космик аппарат қурилмалари ва уларнинг компонентларини ишлаб чиқишни ташкиллаштириш орқали космосни ўрганиш дастурларига салмоқли ҳисса қўшганини» таъкидлади.
Канада генерал-губернатори мамлакатлар ўртасидаги муносабатларнинг жорий даражаси ҳам кўтарилиб бораётганини эътироф этди. Ўзбекистоннинг янада ривожланган дунё ҳамжамиятининг асосий аъзоларидан бири бўлиш борасидаги интилишларини Канада томони қўллаб-қувватлаши таъкидланди. «Мен Канада компанияси Sky Power’нинг қайта тиланувчи энергетика соҳасига катта миқдордаги инвестиция таклифи билан Ўзбекистон бозорига кириб борганини эшитишдан бағоят хурсанд бўлдим», – деди у. Унинг фикрича, мазкур лойиҳа «ўзаро манфаатли ва икки томонга ҳам фойдали» ҳисобланади.
Шу билан бирга у Ўзбекистон ва Канада ўртасида «ҳали бажариш керак бўлган ишлар» мавжудлигини таъкидлади. Жумладан, у давлатлар ўртасидаги савдо ҳажминини кўпайтириш ҳамда таълим соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш зарурлигига тўхталиб ўтди.
Маросим якунида янги тайинланган элчининг Қутболди минтақалари, Шарқий Европа ва Евросиё масалалари бўйича ТИВ Бюроси директори Эллисон ЛеКлер билан учрашуви бўлиб ўтди. Канадалик дипломат 2019 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон раҳбарининг Канадага ташрифи ташкил этиш бўйича комплекс сиёсий-дипломатик чора-тадбирларни амалга оширишга тайёрлигини билдирди.
Изоҳ (0)