2019 йилда давлат бюджетининг харажатлари 107,1 сўмни ташкил этади. Бу ўтган йилдагига нисбатан 1,4 баравар кўп бўлиб, бунда давлат бюджетининг харажатлари асосан ижтимоий соҳаларга йўналтирилади, деб хабар беради ЎзА.
Жумладан, ижтимоий соҳа харажатлари 57,8 триллион сўмни ёки умумий харажатларга нисбатан 54,0 фоизни ташкил этади. Бунда ушбу харажатларнинг ўсиши аввалги йилга нисбатан 34,4 фоиз кўпаяди.
Мактабгача таълим муассасаларини молиялаштиришга 4,0 триллион сўм, умумий таълимга 17,1 триллион сўм йўналтирилади, кадрлар тайёрлашга ажратиладиган маблағлар 3,8 триллион сўмни ташкил этади.
Соғлиқни сақлашни молиялаштиришга эса,12,1 триллион сўм йўналтирилади ёки аввалги йилга нисбатан 30,5 фоиз ўсиш билан умумий харажатларга нисбатан 11,3 фоизни ташкил этади.
Маданиятни молиялаштириш учун 1,0 триллион сўм, илм-фанга 0,8 триллион сўм йўналтирилади. Ижтимоий нафақалар, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тўлаш ва компенсация тўловлари учун харажатлар ўтган йилдагига нисбатан 61,8 фоиз ошган ҳолда 5 267,2 миллиард сўмни ташкил этади.
«Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» давлат дастурларини амалга ошириш учун барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан 6,3 триллион сўм йўналтирилади, бу эса, 478 та аҳоли пунктида турмуш шароитлари яхшиланишини таъминлайди.
Давлат дастурларини амалга ошириш доирасида 2019 йилда 372 та объектда ичимлик сув таъминоти ва канализация тизимини реконструкция қилиш ҳамда модернизациялаш, 1 916,1 километр узунликдаги сув ўтказиш тармоғини қуриш ва реконструкция қилиш назарда тутилмоқда. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида марказлашган сув таъминотини қамраб олиш 2019 йилда 77,0 фоизга етади.
Умуман олганда, 2019 йилги бюджетномада назарда тутилган даромадларнинг изчил ўсиши, солиқ сиёсатида жорий этилаётган туб ўзгаришлар аҳолининг турмуш шароитларини яхшилашга қаратилгани билан аҳамиятли экани таъкидланди.
Мажлисда бюджетнома ҳамда унинг асосий йўналишлари депутатлар томонидан ҳар томонлама муҳокама этилди.
Изоҳ (0)