2019 йилда солиқлар ва мажбурий тўловларнинг тури 19 тадан 15 тагача камаяди. Бу ҳақда ЎзА ёзмоқда.
2019 йилги солиқ сиёсатининг асосий йўналишлари Президентнинг 29 июнда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида»ги фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган.
Унга кўра, барча фуқаролар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ягона ставкасини 12 фоиз миқдорида жорий этиш, шундан 0,1 фоизини шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига йўналтириш, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкасини 14 фоиздан 12 фоизгача, тижорат банклари учун 22 фоиздан 20 фоизгача пасайтириш, фуқароларнинг меҳнат ҳақи тарзидаги даромадларидан бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ушлаб қолинадиган суғурта бадалларини бекор қилиш назарда тутилмоқда.
Умуман олганда, таклиф этилаётган чора-тадбирлар амалга оширилиши ҳисобига солиқлар ва мажбурий тўловларнинг тури 19 тадан 15 тагача камаяди.
Бу 2019 йилги давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларида қайд этилган.
Изоҳ (0)