Тошкентдаги Миллий матбуот марказида «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамияти томонидан «Инновацион технологиялар асосида ишлаб чиқариш самарадорлигини юксалтириш» мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Анжуманда мамлакатда барча соҳаларни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор самарасида «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖ ва унинг тизимидаги корхоналарда инновацион технологияларни жорий этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Минтақадаги рангли металлар ишлаб чиқаришда етакчи корхона ҳисобланган ҳамда мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришда илғор корхоналаридан бўлган комбинат ўз таркибида кончилик, металлургия, кимё, геология-қидирув, транспорт, қишлоқ хўжалиги каби соҳаларни қамраб олган қирқдан ортиқ таркибий бўлинмаларга эга.
Бугунги кунда комбинатда амалга оширилаётган кўп сонли инвестицион лойиҳалар янада аҳамиятлироқ истиқбол йўлларини очиб бермоқда.
Комбинатда Инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш фонди ташкил этилган бўлиб, унинг маблағлари янги техник ишланмалар, услуб ва технологиялар, тажриба-саноат тадқиқотлари, тажриба маҳсулотларини серияли ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун тайёрлов тадбирларни реализация қилиш, илмий тадқиқот институтлари ва олий таълим муассасалари билан тузилган шартномларни бажариш, информацион илмий-техник ресурслар ва адабиётларни харид қилишга йўналтирилмоқда.
Анжуманда журналистлар саволларига жавоб берилди.
Изоҳ (0)