Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар беришича, ҳудудда тадбиркорлик ташаббуслари ва лойиҳаларини жадал амалга оширилишини таъминлаш мақсадида тадбиркорлик субъектлари томонидан инвестиция киритиш шарти билан бўш турган маданий мерос объектларидан самарали фойдаланишни таъминлаш юзасидан амалий чоралар кўрилмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Хусусан, ўрганишлар натижасида Хоразм вилоятида давлат кўчмас мулки объектларидан фойдаланганлик учун қўлланиладиган ижара тўловининг ҳудудий коэффициентига жорий йилнинг 1 ноябрь санасидан ўзгартириш киритилган бўлиб, ушбу ўзгартиришга асосан ҳудуддаги маданий мерос объектларини тадбиркорлар томонидан ижарага олиш ҳақ миқдорларини 40 фоизгача арзонлаштирилишига эришилди.
Бунинг натижасида биргина «Ориент Стар» МЧЖ томонидан Хива шаҳрида Муҳаммад Аминхон ва Матниёз Девонбеги мадрасаларини ижарага олиб, меҳмонхона ва ресторан фаолиятини юргизиш учун йилига 399 млн. сўм миқдорида ижара тўловлари амалга ошириб келинаётган бўлса, эндиликда ушбу киритилган ўзгаришга мувофиқ ижара ҳаққининг тўлови 237 млн. сўмгача камайтирилишига эришилди ва тежаб қолинган маблағлар эвазига тадбиркор томонидан меҳмонхона фаолиятини янада ривожлантириш ва қайта инвестиция киритиш учун имконият яратиб берилди.
Хабарда айтилишича, яратилаётган бундай имкониятлар маданий мерос объектларини инвестиция киритиш шарти билан ижарага олиш истагини билдираётган тадбиркорлар сонини ошишига ва йиллар мобайнида бўш турган 20 дан ортиқ маданий мерос объектларини тадбиркорлик субъектларига ижарага бериш имкониятларини ҳамда вилоятнинг туризм салоҳиятини янада кенгайишига ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Изоҳ (0)