Самарқандда Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг 15 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган «Энг намунали туман (шаҳар) партия ташкилоти», «Энг намунали бошланғич партия ташкилоти» ва «Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларидаги энг фаол депутат» танловининг вилоят босқичи ҳамда мазкур танлов доирасида партия Самарқанд вилояти кенгаши томонидан эълон қилинган бир қатор номинация ва акциялар ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлари, партия фаоллари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этган тадбирда бундан 15 йил аввал юртимиздаги кичик бизнес субъектлари, фермер ва деҳқон хўжаликлари вакиллари, ишбилармонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилишни мақсад қилиб майдонга чиққан сиёсий куч – Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси бугун мамлакатимиз ҳаётида ўзининг муносиб ўрнини топганлиги қайд этилди.
Жумладан, Самарқанд вилоятида айни пайтда партия аъзолар 64 минг нафардан кўпроқни ташкил этмоқда. 1200 дан ортиқ бошланғич партия ташкилотлари самарали фаолият олиб бормоқда. Партия тузилмасидаги «Аёллар қаноти», «Ёшлар қаноти»да ҳам минглаб фаол хотин-қизлар ва ёшлар жам бўлиб, муҳим ғоя ва ташаббуслар билан чиқмоқда. Маҳаллий кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳлари ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш борасида дастурлар ишлаб чиқишда фаол қатнашмоқда.
Тадбирда 96 нафар партия фаолларига ЎзЛиДеПнинг 15 йиллиги муносабати билан ташаккурномалар топширилди.
Тадбир доирасида самарқандлик тадбиркор ва фермерларнинг ишлаб чиқарган маҳсулот ва хизматлари кўргазмаси ҳам ўтказилди.
Изоҳ (0)