Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда мамлакат бош молиявий ҳужжатининг ижроси ҳамда 2019 йилга мўлжалланган давлат бюджети лойиҳаси муҳокама этилди. Бу ҳақда парламент қуйи палатаси матбуот хизмати хабар берди, деб ёзади «Газета.uz».
Тадбирда дастлаб жорий йилда Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижросига эътибор қаратилиб, йил якуни бўйича кутилаётган прогноз натижалари муҳокама қилинди.
Аҳоли жон бошига ҳисобланган ялпи ички маҳсулотнинг (ЯИМ) ўтган йилга нисбатан ўсиш суръатлари қайд этилди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,5 фоиз юқори экани таъкидланди. Жумладан, истеъмол нархларининг ўзгариши сабабли ўтган йилнинг шу даврига нисбатан аҳоли умумий даромадларининг реал ўсиш суръати 111,4 фоизни, аҳоли жон бошига умумий даромадларининг реал ўсиши эса 109,5 фоизни ташкил қилди.
Ҳисобот даврида ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун давлат бюджетидан умумий харажатларнинг 53,4 фоизи миқдорида маблағ сарфланди. Бу харажатлар ЯИМга нисбатан 11,8 фоизни ташкил этди. 19 триллион сўм, ёки ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга ажратилган маблағларнинг деярли 65,8 фоизи иш ҳақини молиялаштиришга йўналтирилган.
Қўмита йиғилишида ижтимоий соҳанинг энг муҳим масалалари муҳокама этилиб, унда соғлиқни сақлаш, таълим тизимидаги туб ислоҳотларга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, ижтимоий муносабатларнинг галдаги устувор вазифаларидан бўлган аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган чораларни молиялаштириш масалалари кўриб чиқилди.
2019 йилда ижтимоий сарф-харажатларга 57,8 триллион сўм ажратиш режалаштирилмоқда.
Кам таъминланган оилаларга бериладиган моддий ёрдам ва 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга бериладиган нафақа олувчилар сонини кўпайтириш бўйича тадбирларни амалга ошириш учун 643,5 миллиард сўм ажратилиши назарда тутилмоқда. Бу эса нафақалар тайинланишини 507 минг оиладан 621 минг оилагача ёки 1,2 марта ошириш имконини беради.
Шу мавзу куннинг иккинчи ярмида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида муҳокама этилди.
Унда таъкидланганидек, якунланаётган йил давомида илк маротаба давлат бюджетининг харажатлари ўтган 2017 йилга нисбатан қарийб 30 триллион сўмга (1,6 баробарга) ошди. Бюджет харажатларининг асосий қисми ижтимоий соҳага йўналтирилди ва бюджет соҳаси ходимлари иш ҳақи, пенсия ва нафақаларини инфляция кўрсаткичидан юқорига ошириш билан бирга, тарбиячилар, ўқитувчилар, илмий ходимлар, профессор-ўқитувчилар, маданият ходимларининг ойлик маоши кўпайтирилди.
Изоҳ (0)