Фарғона вилоят давлат солиқ бошқармаси томонидан тегишли рухсатномаларсиз тамаки маҳсулотлари савдоси билан шуғулланаётган тадбиркорлик субъектларини аниқлаш юзасидан белгиланган тартибда назорат тадбирлари ўтказилмоқда. Фарғона ва Қўқон шаҳарлари ҳамда Олтиариқ туманида ўтказилган қисқа муддатли текширишларда бир нечта қонунбузилиш ҳолатлари қайд этилди. Бу ҳақда Фарғона вилояти Давлат солиқ бошқармаси матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Хусусан, Фарғона шаҳрининг Марказий деҳқон бозори ҳудудида жойлашган савдо шаҳобчасида фуқаро А.А. томонидан тегишли рухсатномаларсиз 29 турдаги 752 қути, умумий қиймати 8,7 миллион сўмлик яроқлилик муддати ўтган тамаки маҳсулотларини сотувга қўйилганлиги аниқланди.
Қўқон шаҳридаги «Буюк ипак йўли» савдо комплексида ўтказилган назорат тадбирларида эса савдо шаҳобча раҳбари Қ.А. томонидан аксиз маркасиз ҳамда тегишли рухсатномаларсиз 18 хил турдаги 887 қути жами қиймати 5,8 миллион сўмлик тамаки маҳсулотларини сотувга қўйганлиги қайд этилди.
Олтиариқ туманида фаолият юритувчи якка тартибдаги тадбиркор Ю.Р. ҳам ўз фаолиятига мос келмаган равишда тамаки маҳсулотлари савдоси билан шуғулланаётганлиги аниқланди. Қонун бузувчининг тегишли рухсатномаларсиз, аксиз маркасиз ҳамда яроқлилик муддати ўтган жами 27 хил турдаги 4 444 қути умумий қиймати 32,5 миллион сўмлик тамаки маҳсулотлари сотувга қўйилганлиги қайд этилди.
Юқоридаги ҳолатларнинг барчасида тамаки маҳсулотларининг ноқонуний савдоси билан шуғулланаётганларнинг товар моддий бойликлари масала қонуний ҳал бўлгунга қадар вақтинчалик олиб қўйилди.
Изоҳ (0)