Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги давлат тиббиёт ташкилотларининг тиббиёт кадрларини хорижий етакчи тиббиёт ва илмий муассасаларга қайта тайёрлаш ҳамда малака ошириш, илғор хорижий тажрибани ўрганиш ва касб кўникмаларини оширишга юбориш учун жорий йилнинг 1 ноябридан 1 декабрига қадар танлов эълон қилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ахборот хизматига таяниб, ЎзА хабар бермоқда.
Танловда иштирок этиш учун ҳужжатлар тиббиёт ходими меҳнат қилаётган давлат тиббиёт ташкилоти кадрлар бўлими томонидан Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармалари кадрлар бўлимига тақдим этилади.
Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармалари, Республика ва вилоятлар давлат санитария-эпидемиология назорат марказлари томонидан ҳужжатлар ихтисослаштирилган, илмий-амалий тиббиёт марказлар, илмий текшириш институтлари ишчи органига тақдим этилади.
Танловда иштирок этувчилар томонидан тақдим этиладиган ҳужжатларни ўрганиб чиқиш Соғлиқни сақлаш вазирининг жорий йил 15- февралдаги 98-сон буйруғи билан тасдиқланган Давлат тиббиёт ташкилотларининг тиббиёт кадрларини хорижий етакчи тиббиёт ва илмий муассасаларга қайта тайёрлаш ҳамда малака оширишга юбориш учун танлов асосида танлаб олиш, шунингдек, республикага етакчи хорижий тиббиёт ҳамда илмий муассасалардан таклиф этиладиган малакали хорижий тиббиёт мутахассисларининг рўйхатини шакллантириш тартиби тўғрисидаги Низомга мувофиқ амалга оширилади.
Изоҳ (0)