Жорий йилнинг 27—30 ноябрь кунлари Тошкентда PROlogue халқаро кинофестивали ўтказилади. Шу муносабат билан Ёшлар иттифоқида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари, кинофестиваль ташкилий қўмитаси раиси Қаҳрамон Қуронбоев бошчилигида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда кинофестивални ташкил этиш ва юқори савияда ўтказиш масалалари муҳокама этилди, деб ёзади ЎзА.
Илк бор халқаро мақомда ўтказилаётган мазкур нуфузли тадбир Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан «Ўзбеккино» миллий агентлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Кинематографияни ривожлантириш маркази, Ёш киноижодкорлар кенгаши, Ўзбекистон миллий кинокомиссияси ва бошқа қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда амалга оширилмоқда.
«Узоқ йиллардан буён кино соҳасида мамлакатимизда бундай нуфузли халқаро фестиваль ўтказилмаган эди, — дейди ‘Ўзбеккинў миллий агентлиги бош директори, кинофестиваль ташкилий қўмитаси раисининг ўринбосари Фурқат Зокиров. — Илк бор амалга оширилаётган мазкур лойиҳадан жуда катта натижалар кутилмоқда. Фестивальда иштирок этиш истагини билдирган мамлакатлар сони 40 дан ошиб кетди. 600 дан ортиқ мамлакатдан эса фестивалда иштирок этиш учун фильмлар юборилди. Ҳозирда мазкур фильмларни саралаш ишлари қизғин кечмоқда. Кичик бир сирни айтиб ўтаман: фильмлар орасида тарбиявий аҳамиятга эга, шаклан ва мазмунан юксак киноасарлар кўп. Уларни нафақат фестиваль доирасида, балки, фестивалдаги намойишлардан сўнг зудлик билан кетма-кетликда телеканалларимиз орқали узатишни режалаштиряпмиз».
Шунингдек, йиғилишда берилган топшириқларга кўра, Олий таълим муассасаларида ҳам мазкур тарбиявий аҳамиятга эга қисқа метражли бадиий фильмлар намойишлари ўтказилади. Фестиваль якунлангач эса, энг сара киноасарлар ижодкорлари, фестиваль иштирокчиларининг ҳудудларга сафари уюштирилади.
Кинофестиваль жараёнларини тезкор ва холис ёритиб бориш мақсадида матбуот маркази ташкил этилади ҳамда кинофестиваль арафасида брифинг ўтказилади. Унда мутахассисларнинг лойиҳага доир маълумотлари жонли тарзда узатилади.
Изоҳ (0)