Андижон вилоятида жорий йилнинг 9 ойи давомида солиқ тўловчилар фаолиятида ўтказилган камерал назорат натижасида давлат бюджетига қўшимча 62 миллиард 314 миллион сўм солиқ ҳамда бюджетдан ташқари мақсадли жамғармаларга 21 миллиард 699 миллион сўмлик бошқа мажбурий тўловлар ундирилди. Бу ҳақда Андижон вилояти давлат солиқ бошқармаси матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Хусусан, жорий йилнинг октябрь ойида тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун Пахтаобод туманида ажратилган ер участкаларида тугалланмаган қурилиш объектлари мавжуд бўлган «Қўқон нефть-газ пармалаш ишлари» АЖ фаолияти бўйича солиқ идораларидаги ички ва ташқи манба маълумотлари асосида камерал назорат ўтказилганида жамият томонидан 3 миллиард 470 миллион сўмлик юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи кам ҳисобланганлиги маълум бўлди.
Ушбу ҳолат юзасидан Андижон вилояти давлат солиқ бошқармаси томонидан белгиланган тартибда талабнома юборилиб, жамиятдан ушбу сумма бўйича қайта аниқлаштирув ҳисоботи олинди. Ҳозирда давлат бюджетига қўшимча ҳисобланган мол-мулк солиғи суммасини белгиланган тартибда ундириш чоралари кўрилмоқда.
Шунингдек, Андижон вилояти давлат солиқ бошқармасининг солиқ соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими томонидан Андижон шаҳридаги «Шинам қурилиш жиҳозлари» МЧЖга қарашли савдо мажмуасида хронометраж тадбирлари ўтказилди. Хронометраж якуни билан тақдим этилган маълумотлар асосида камерал назоратдан ўтказилганда 2018 йилнинг I ярим йиллиги давомида турғун савдо шохобчаларини ижарага беришдан олинган даромадларидан 30 фоизли солиқ ставкасида 270 миллион сўмлик ягона солиқ тўлови кам ҳисобланганлиги аниқланди. Жамият томонидан ушбу қўшимча ҳисобланган ягона солиқ тўлови суммаси давлат бюджетига тўлаб берилди.
Изоҳ (0)