Жиззах вилоятида олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишлари натижасида 227 нафар фуқаро тадбиркорлик фаолиятини қайта тиклади. Шунингдек, бу тадбиркорлар белгиланган тартибда рўйхатдан ўтиши билан улардаги 1 миллиард 480 миллион сўмдан ортиқ солиқ қарзи ҳисобдан чиқарилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Бу ҳақда Жиззах шаҳрида «Солиқ қарзининг пайдо бўлиш сабаблари, тўловларнинг амалга оширилишида учраётган муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари» мавзусида ўтказилган тадбирда маълумот берилди.
Жиззах вилояти давлат солиқ бошқармаси ҳамда бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда солиқ қарзига эга 100 дан ортиқ жисмоний шахс ва якка тартибдаги тадбиркорлар, солиқ соҳаси мутахассислари иштирок этди.
Тадбирда Президентнинг 27 июлдаги «Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони мазмун-моҳиятини тадбиркорларга етказиш, ушбу ҳужжатда белгиланган солиқ имтиёзларидан унумли ва мақсадли фойдаланиш, соҳада учраётган муаммоларни бартараф этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Жиззах вилояти давлат солиқ бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси маълумотларига кўра, бу каби тадбирлар вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида ташкил этилмоқда.
Изоҳ (0)