Ҳукумат қарори билан жорий йилдан Умра мавсуми йил бўйи узлуксиз давом этиши эълон қилинди. Авваллари муайян зиёратчиларгина Умра сафарига отланган бўлса, ҳозирда бу чекловлар олиб ташланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати хабар бермоқда.
2019 йилдан бошлаб йилига минг-минглаб ўзбекистонлик Умра амалларини бажариш имконига эга бўлади.
Бошланган Умра мавсумини юқори савияда ташкил этиш учун барча чора-тадбирлар кўрилди. Зиёратчилар учун қулай шарт-шароит яратиш, уларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ички ишлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Давлат божхона қўмитаси ва бошқа мутасадди ташкилотлар томонидан тегишли ишлар амалга оширилмоқда. Ҳаж ва Умра амалларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгаши томонидан зиёратчиларга хизмат кўрсатиш ишлари мувофиқлаштириб борилмоқда.
Ҳаж ибодатларини тўла-тўкис адо этиш, бу борадаги тартиб-қоидалар, шунингдек, сафар талаблари хусусида тушунтириш бериш мақсадида жойларда зиёратчилар гуруҳлари учун сафаролди учрашувлари ташкил этилди.
Ўзбекистонлик зиёратчилар Мадина шаҳридаги муқаддас қадамжоларни зиёрат қилганидан сўнг Макка шаҳрига йўл олади. Зиёратчилар учун мавсум давомида беш юлдузли меҳмонхона, ошхона ва транспорт хизматлари юқори савияда ташкил этилади.
Изоҳ (0)