Тошкент вилоятида Ўзбекистон—Россия ҳамкорлигида 120 қўшма корхона фаолият юритмоқда. Эътиборлиси, саноат, қурилиш, савдо, хизмат кўрсатиш ва бошқа йўналишлардаги мазкур корхоналарнинг 30 таси жорий йилда иш бошлади, деб ёзади ЎзА.
Хорижлик тадбиркорлар билан ҳамкорликда ташкил этилаётган қўшма корхоналарда маҳаллий хом ашёдан сифатли, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Бу ички бозор талабини тўла қондириш билан бирга, мамлакат ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмининг ортишига хизмат қилмоқда.
Ангрен шаҳрида ҳам россиялик ишбилармонлар ҳамкорлигида 10 га яқин корхона саноат ва савдо йўналишида фаолият юритади. Трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган Сунгреен тех масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхона ана шулардан бири.
Корхона тикувчилари томонидан ойига ўртача 120 мингдан зиёд маҳсулот тайёрланмоқда. Маҳаллий хом ашёдан пишиқ ва сифатли тикилган кийимларнинг бир қисми корхона дўконида сотилаётган бўлса, асосий қисми МДҲ давлатларига экспорт қилинмоқда.
Болалар учун 30 дан ортиқ турда кийим тайёрланаётган мазкур жамият хорижий етакчи фирмаларнинг замонавий тикув дастгоҳлари билан жиҳозланган. Айни пайтда корхонада 280 дан зиёд ишчи-хизматчи меҳнат қилмоқда. Уларнинг аксарияти маҳаллий ёшлар экани эътиборлидир.
Изоҳ (0)