Ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳрида юз берган мудҳиш йўл-транспорт ҳодисасининг видеоси тарқалди. Унда икки қизнинг йўлда, бирининг Lacetti устида ҳушсиз ётгани акс этган. Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларининг маълум қилишича, қизларнинг икки нафари кома ҳолатига тушиб қолган. Ички ишлар вазирлиги Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси мазкур ЙТҲ ҳақида расмий баёнот берди.
Самарқанд вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармасидан олинган маълумотга кўра, шу йилнинг 9 октябрь куни соат 21:30 да Самарқанд шаҳар Регистон кўчасида жойлашган «Мўъжиза» базмгоҳи қаршисидан ўтувчи автомобиль йўлида ҳайдовчи Қ.И. бошқарувидаги Lacetti русумли автомашинасини Панжакент кўчаси томондан Даҳбет кўчаси томонга бошқариб бораётиб, автомашина йўналиши билан йўлнинг чап томонидан ўнг томонига пиёдалар йўлагидан йўлни кесиб ўтаётган уч қизни уриб юборган.
Йўл-транспорт ҳодисасида Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида туғилиб ўсган, Самарқанд Давлат чет тиллар институти 2-босқич талабалари 1994 йилда туғилган У.Х., 1996 йилда туғилган У.И., 1996 йилда туғилган У.О.лар турли даражадаги тан жароҳатлари олиб, касалхонага ётқизилган.
Ҳозирда уларнинг саломатликларни тиклаш юзасидан барча тиббий муолажалар амалга оширилмоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)