Жорий йилнинг 24—25 сентябрь кунлари Испаниянинг Мадрид шаҳрида Бутунжаҳон футбол саммити бўлиб ўтгани ва унда Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси Бош директори Омон Ғофуров бошчилигидаги делегация иштирок этгани ҳақида аввалроқ хабар берилганди.
Жумладан, тадбирда ПФЛ Европанинг Топ-5 чемпионатлари қаторига кирувчи Германия Бундеслигасининг халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Бернд Вилмс билан музокара ўтказилганди. Музокара доирасида Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси ҳамда Бундеслига ўртасида бир қанча йўналишлар (мухлислар билан ишлаш, футбол академиялари, ўртоқлик ўйинлари) бўйича ҳамкорлик қилиш учун меморандум имзолашга келишиб олинганди. Ушбу масала бўйича Бундеслига вакиллари ноябрь ойида Тошкентга келадиган бўлди.
Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси Бундеслига тажрибасини ўрганиб, Ўзбекистонда футбол ишқибозларининг миллий чемпионатга қизиқишларини орттириш, Суперлига учрашувларига янада кўпроқ мухлислар ташриф буюришини таъминлаш бўйича иш олиб боради.
Бундеслига вакиллари Германияда мухлислар билан ишлашда асосан қандай жиҳатларга эътибор қаратиши, ўйинларга мухлислар ташрифини кўпайтириш бўйича қандай дастурлар амалга оширилиши, Бундеслига ўйинлари вақтида стадионлар доимо тўла бўлишини таъминлаш бўйича қандай чора-тадбирлар кўрилиши борасида батафсил маълумот беришади ва ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, немис тажрибасини Ўзбекистонда татбиқ этишда ўз тавсияларини беради.