Кеча, 8 октябрь санасида «Краснодар» жамоаси ярим ҳимоячиси Павел Мамаев ҳамда «Зенит» ҳужумчиси Александр Кокорин Москвадаги қаҳвахоналардан бирида катта жанжал уюштирди. Бу ҳақда Meduza нашри тафсилотларни маълум қилди.
7 октябрь, якшанба куни «Краснодар» клуби «Зенит» майдонига сафар қилди. Учрашувда 2:1 ҳисобида «Зенит» ғалаба қозонди. Меҳмонлар таркибида Павел Мамаев тўлиқ ҳаракат қилиб, жамоасининг ўйиндаги ягона жавоб голини киритишга эришди. Александр Кокорин эса захирадан майдонга туширилди.
Ўйиндан сўнг иккала футболчи дўстлигининг 10 йиллигини нишонлаш учун Москвага жўнаб кетади. Кечаси эса улар тунги клубга бориб, тонггача кўнгилхушлик қилади. Кеча, 8 октябрь тонгида футболчилар тунги клубдан чиқиб, автотураргоҳдаги машиналарни тепади. Воқеа жойида бўлган Россиянинг «Первий канал» бошловчиларидан бирининг ҳайдовчиси улардан бундай қилмасликни сўрайди.Бундан ғазабланган футболчилар ҳайдовчини калтаклайди.
Орадан Икки соат ўтиб Мамаев ҳамда Кокорин дўстлари билан нонушта қилиш учун шаҳардаги қаҳвахоналардан бирига йўл олади. Улар қаҳвахонада шовқин кўтаришади. Улардан Савдо-саноат вазирлиги амалдори бўлган Денис Пак шовқинни бас қилишни сўрайди. Ғазаб отига минган «спортчилар» эса уни ҳам калтаклаб кетади. Ҳаттоки амалдорга стул ҳам улоқтирилади. Ҳозирда Москва полицияси мазкур ҳолат бўйича жиноий иш очиб, текширув олиб бормоқда.
Изоҳ (0)