Жорий йилдан бошлаб Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси ва Испания Ла Лигаси яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйди.
Ҳамкорлик доирасида шу йилнинг 28 октябрь куни «Барселона», «Атлетико Мадрид», «Ливерпуль» ва Испания терма жамоаси сафида кўрсатган мазмунли ўйинлари билан мухлислар олқишига сазовор бўлган футболчи, эндиликдаги Ла Лига элчиси – Луис Гарсия Тошкентга келади ва ўзбекистонлик ёш «чарм тўп» усталарига маҳорат дарслари ўтиб беради. Бу ҳақда ПФЛ матбуот хизмати хабар берди.
Ла Лига ҳамда ПФЛ ҳамкорлиги доирасида ташкил этилаётган мазкур маҳорат дарслари «Миллий»(собиқ «Бунёдкор») стадионида бўлиб ўтади. Яқин ўтмишнинг машхур ярим ҳимоячиларидан бири Луис Гарсия ёш футболчиларга ўз тажрибаси билан ўртоқлашиб,улар билан кўргазмали учрашувда майдонга тушади.
Бундан ташқари Луис Гарсия ташрифи доирасида матбуот анжумани ўтказилади.