9 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир қатор долзарб қонун лойиҳалари кўриб чиқилган навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди, деб ёзади ЎзА.
Олий Мажлис қуйи палатаси мажлиси кун тартибидан ўрин олган дастлабки масала — «Фан тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси депутатларнинг қизғин баҳс-мунозараларига сабаб бўлди.
Қонун лойиҳаси билан илмий ва илмий-техникавий фаолият соҳасида давлат бошқарувини амалга оширувчи органларнинг ваколатлари, илмий ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш чора-тадбирлари ҳамда давлат илмий-техникавий экспертизаси, илмий ва илмий-техник натижаларнинг илмий ва илмий-техник даражасини, иқтисодий самарадорлиги ва амалий аҳамиятини комплекс тарзда баҳолаш ва мониторинг қилиш белгиланмоқда. Шунингдек, яна бир муҳим жиҳат — илмий ва илмий-техникавий фаолиятни молиялаштиришнинг асосий принциплари, манбалари ва шакллари кўрсатиб ўтилмоқда.
Депутатларнинг фикрича, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши илмий ва илмий-техникавий фаолият соҳасидаги ҳуқуқий, молиявий, ижтимоий-иқтисодий муносабатларнинг тартибга солинишини таъминлайди.
Қизғин муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.
Сўнгра депутатлар янги таҳрирдаги «Туризм тўғрисида»ги қонун лойиҳасини кўриб чиқишга киришди.
Қонун лойиҳасида мамлакатда ички ва ташқи туризмни ривожлантириш учун ташкилий шароитлар яратиш, туризм жабҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг барқарорлиги, аниқлиги ва мослашувчанлигини таъминлаш, шунингдек, туризм соҳаси субъектлари фаолиятининг шаффофлигини таъминловчи ҳуқуқий механизмларни шакллантириш ҳисобига барча даражадаги бюджетларга туризмдан тушадиган даромадларни ошириш, қонунларни туризм соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар билан уйғунлигини таъминлашга қаратилган нормалар акс эттирилмоқда.
Шунингдек, депутатлар томонидан мажлис кун тартибига киритилган «Жазони ижро этиш муассасаларидан бўшатилган шахслар устидан ички ишлар органларининг маъмурий назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ҳамда «Ўзбекистон Республикасининг Консуллик уставига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳалари биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Изоҳ (0)