Термиз шаҳридаги Матбуот уйида «Сурхон-Нашр» нашриёти томонидан кўп нусхада чоп этилган «Сурхондарё муаллимлари» адабий-оммабоп китобининг тақдимот маросими ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Сурхондарё вилояти ҳокими ўринбосари Р. Чориев, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи А. Эргашев ҳаммуаллифлигида нашр этилган китобда таълим-тарбия соҳасини юксалтиришга салмоқли ҳисса қўшган ва юксак мукофотлар билан тақдирланган 130 га яқин фидойи устознинг ибратли меҳнат фаолияти, бой иш тажрибаси, таълим-тарбия жараёнида қўллаган ўзига хос услуби кенг ёритилган. Шунингдек, ҳар бир туман ва Термиз шаҳрининг ўзига хос ривожланиш босқичлари, бу жараёнда ўқитувчилар хизмати эътироф этилган.
Тадбирда Республика маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Ф. Шарипов, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари М. Алламуродов, «Сурхон тонги» ва «Заря Сурхана» газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири Р. Раҳимова, вилоят халқ таълими бошқармаси бўлим бошлиғи С. Ашуров ва бошқалар китоб мазмуни, дизайни ва соҳада бой тажриба тўплаган устоз-мураббийларнинг иш услубини халқ таълими тизимида кенг жорий этишдаги аҳамияти хусусида атрофлича фикр юритди.
Тақдимот маросимида шоир-ёзувчилар адабиётшунос олимлар, соҳа ходимлари китоб ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Изоҳ (0)