Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида «Коррупцияга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорлик» мавзусида халқаро семинар бўлиб ўтди, деб ёзади ЎзА.
Коррупцияга қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссияси Олий Мажлис Сенати билан ҳамкорликда ўтказган тадбирда вазирлик ва идоралар, фуқаролик жамияти институтлари, халқаро ташкилотлар вакиллари Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар, бу борадаги ишларни давом эттириш масалаларини муҳокама қилди.
БМТнинг Ўзбекистондаги доимий мувофиқлаштирувчиси, БМТ Тараққиёт дастурининг доимий вакили Ҳелена Фрейзернинг фикрича, Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилган. Айниқса, жамоатчилик назорати кучайган. Бу жараёнда оддий аҳоли вакилларининг иштироки ҳам фаоллашди. Очиқлик, шаффофлик кўплаб соҳаларда яққол сезилаяпти. Давлат хизматлари кўрсатиш яхшиланди. Буларнинг барчаси коррупциянинг олдини олишга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Ботир Матмуродов коррупцияга қарши курашиш бўйича зарур ҳуқуқий асослар яратилганини таъкидлади. «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Ўзбекистон 2008 йили БМТнинг Коррупцияга қарши курашиш конвенциясини ратификация қилган, 2010 йили Ўзбекистон Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти Коррупцияга қарши курашиш тармоғининг Истанбул ҳаракат дастурига қўшилган.
Бу жараёнда коррупция жиноятини содир этиш ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш, уларга йўл қўймаслик, жиноятга жазо албатта муқаррар экани тўғрисидаги қонун талабларини амалда таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўрилмоқда.
«Коррупцияга қарши курашиш бўйича кўплаб ташкилий-ҳуқуқий ишлар ва амалий тадбирлар ташкил қилинмоқда, — дейди Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти бошлиғи вазифасини бажарувчи Дилшод Раҳимов. — Бу йўналишда ҳуқуқий тарғибот ишлари кучайтирилаётгани натижасида аҳолида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабат қарор топмоқда. Коррупцияга йўл қўяётган шахслар қонун олдида жавоб бераётир».
«Ўзбекистонда парламент назорати институти ривожланмоқда. Айтиб ўтиш керак, коррупция нафақат пора бериш, балки катта маблағларнинг ноқонуний айланмасида ҳам намоён бўлмоқда, — деди БМТ Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий вакили Ашита Миттал. — Айнан шу йўналишда БМТ ва Ўзбекистоннинг ўзаро ҳамкорлиги мустаҳкамланаётир. Бош прокурор Отабек Муродов биз билан ҳамкорликни қўллаб-қувватлаётганидан мамнунмиз. Пулни қонунийлаштириш каби жиноятларни фош этиш, маблағларни қайтариш борасида салмоқли ишлар қилинмоқда».
Изоҳ (0)