Бугун Миллий Матбуот марказида «Ўзстандарт» агентлиги «Андижон Синов ва сертификатлаштириш маркази» томонидан, ишлаб чиқариш корхоналари ва тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга бераётган кўмаги ҳақида маълумот берилди. Бу ҳақда марказ матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Матбуот анжуманида Андижон Синов ва сертификатлаштириш маркази директори Илёсбек Қосимов ва бир қатор масъул ходимлар иштирок этди.
Марказ фаолиятида энг аввало, вилоятдаги корхоналарда замонавий сифатни бошқариш тизимларини кенг жорий қилиш, биринчи галда экспортёр-корхоналарда ва халқаро стандартларга мувофиқ саноат маҳсулотларини сертификатлаштириш ҳамда аҳоли ва тадбиркорлар учун имкониятлар яратишга эътибор қаратилмоқда.
Андижон маркази қошидаги сифат менежменти тизимларини сертификатлаштириш идораси 2010 йилда ташкил қилинган бўлиб, бугунги кунга қадар идора томонидан 332 дан ортиқ вилоят ва унинг ташқарисидаги ишлаб чиқариш корхоналарида жорий этилган менежмент тизимлари сертификатлаштирилган.
Бугунги кунда нафақат Фарғона водийсида, балки Ўзбекистоннинг бошқа воҳалари яъни, Тошкент, Бухоро, Навоий, Сурхондарё, Хоразм вилоятлари корхоналаридан ҳам ISO 9001:2015 халқаро стандартлари талаблари бўйича жорий этилган тизимни сертификатлаштиришга буюртмалар қабул қилиниб, сертификатлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
2018 йилнинг бугунги кун ҳолатига, вилоят бўйича 588 та корхонада менежмент тизими жорий этилган бўлиб, бу кўрсаткич жорий йил охиригача 660 тага етказилади.
Будан ташқари, марказ томонидан аҳоли ва тадбиркорлар учун қулайлик яратиш мақсадида бир қанча истиқболли режалар ишлаб чиқилмоқда.
Масалан, Қўрғонтепа туманида «Электр тармоқлари» корхонаси ҳудудида ўлчов воситаларини қабул қилиш ва тарқатиш шахобчаси ташкил қилинди ва бугунги кунгача 1 165 дона газ ва 1 284 дона электр ҳисоблагичлари қиёслашдан ўтказилди. Бу ишлар тизимли давом эттирилади.
Балиқчи туманида эса «Газтаъминоти» корхонаси ҳудудида 2018 йилда ўлчов воситаларини қабул қилиш ва тарқатиш шахобчаси ташкил қилиш режалаштирилган ва бугунги кунда ажратилган хоналарни таъмирлаш ишлари якунига етказилмоқда.
Изоҳ (0)