Ўзбекистон аҳолисининг мустақиллик байрам тантаналарини кўнгилдагидек ўтказишига ҳисса қўшиш мақсадида, ички ишлар органлари ходимлари томонидан режа асосида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Куни кеча, 28 август куни Тошкент вилояти ИИБда ўтказилган саф кўриги давомида ходимларнинг хизмат вазифасини бажаришга бўлган муносабатлари, мавсумий хизмат кийимлари билан таъминланганлиги ўрганилиб, уларнинг фавқулодда ҳодисаларга қай даражада тайёр эканлиги кўздан кечирилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИБ Матбуот гуруҳи раҳбари Нуриддин Абдуллаев «Дарё»га маълум қилди.
Тадбир сўнгида яқинлашиб келаётган мустақилликнинг 27 йиллик байрамини ўтказишга ҳозирлик кўриш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ва жамоат тартибини сақлаш борасида ходимлар олдида турган мақсад ва вазифалар юзасидан келишиб олинди.
Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, ҳар бир ички ишлар органлари ходими маҳаллаларда жамоат тартибини сақлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда фаол иштирок этмоқда.
Соҳа вакиллари моддий-техник базаси мустаҳкамланди, яшаш шароитларига ҳам алоҳида аҳамият қаратилмоқда.
Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Абдумалик Алламурадов томонидан хизмат давомида ижобий кўрсаткичларга эришган бир қатор ички ишлар органларининг ҳудудий раҳбарларига Ички ишлар вазирлиги томонидан ажратилган Nexia-3 русумли хизмат автомашиналари тантанали равишда топширилди.
Изоҳ (0)