Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон—Ҳиндистон ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги мажлисида иштирок этиш учун Ўзбекистонга ташриф буюрган Ҳиндистон Республикаси делегацияси аъзолари — турли компаниялар мутасаддилари ва тадбиркорлар 17 август куни Бухорога келди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Меҳмонлар вилоят ҳокимлигида қабул қилинди. Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ф.Умаров Бухорода турли соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хорижий сармоядорлар учун яратилган қулай инвестицион муҳит ҳақида тўхталиб ўтди. Меҳмонларга ҳудуднинг иқтисодий салоҳияти, «Ғиждувон» ва «Бухоро-агро» эркин иқтисодий зоналари ҳақида маълумот берилди. Вилоятдаги тўқимачилик корхоналари, хусусан, BST CLUSTER AGROCOMPLEX масъулияти чекланган жамиятида олиб борилаётган ишлар билан таништирилди.
«Учрашувда вилоятингизда бизнес юритиш учун яратилган қулай муҳит, муҳим янгиликлар ҳақида хабардор бўлдик, — дейди MSME Forum компанияси раиси Ражниш Гоенка. — Шунингдек, бухоролик тадбиркорлар ва бизнинг ишбилармон доира вакиллари ўртасида ўтказилган мулоқот ҳам ғоят сермаҳсул бўлди. Ўзаро фикр алмашиш жараёнида енгил саноат, чарм, мўйна, қурилиш материаллари ҳамда бошқа соҳаларда икки томонлама манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди. Бундай мулоқотлар амалий ишларга ўтишда кўприк бўлиб хизмат қилади».
Ҳиндистонлик меҳмонлар Бухоро шаҳрининг тарихий-меъморий ёдгорликлари ва бошқа диққатга сазовор жойлари билан танишди.
Изоҳ (0)