ЎзА мухбирлари бу саволга жавоб топиш учун Тошкентда ташкил этилган мактаб ярмаркаларида бўлди.
«Чорсу« бозорида ташкил этилган мактаб ярмаркаси харидорлар билан гавжум. Тадбиркорлар томонидан тавсия қилинаётган ўқув қуроллари, мактаб учун зарур бошқа анжомлар, кийим-кечаклар нархи билан қизиқдик.
Ўзимизни таништирдик-да, маҳсулотлар нархини сўрадик. 12 варақли дафтар 400 сўм, 48 варақли дафтар 1500 сўм, расм дафтарлари 2000 сўм экан. Сотувчининг гапларига ишонган эдик ҳамки, шу пайтда бизни ҳам харидор, деб ўйлади шекилли, навбат рангли қаламларга келганида унинг шериги «беш минг сўмдан бошланади», деди. Шунда биз суҳбатлашаётган сотувчи унга таҳдидли оҳангда гапга аралашмаслигини таъкидлади.
Англадикки, сотувчиларимиз ҳам ўз ишига виждонан ёндашаётгани йўқ. Ким эканимизни билгач, ҳатто алдашга ҳам уринишмоқда.
Шундан сўнг бошқа сотувчилар билан харидор каби муомалага киришдик.
Мактаб сумкаларининг нархини билишга қизиқдик.
– 65 минг сўмдан бошланиб, 165 минг сўмгача боради, хоҳласангиз бундан ҳам қимматроғларини кўрсатаман, Хитойники, – деди бир сотувчи.
Расм дафтарларининг энг кичиги 4,5, 36 варақли дафтар 1,5, 48 варақли дафтар 1,7 минг сўм, рангли қаламларнинг энг арзони 10 минг сўмдан бошланишини айтишди.
Маълум бўлдики, ота-она битта фарзанди учун керакли ўқув қуролларининг ўртача нархдагисидан оладиган бўлса, тахминан 200 минг сўмдан ошади. Унга сумка ва кийим-кечакни ҳам қўшсангиз, камида 700-800 минг сўм керак бўлади.
Сотувчилар харид қилганингизда нархи арзонига учмасликни, улар сифатсиз эканини кўп такрорлайди. Аммо яроқсиз ўқув қуроллари ишлаб чиқаришга бош бўлаётган ёхуд четдан олиб келаётган тадбиркорларга нима дейсиз?!
Агар битта фарзандингиз мактабга борса хўп-хўп, улар иккита бўлса-чи ёки учта бола учун қанча харажат қилишингизни энди айтмасак ҳам биласиз.
Ўқув қуролларининг сифатига ким жавобгар?
Ҳар йили 10 августдан 10 сентябргача ташкил этиладиган мактаб ярмаркаларини ҳам кутмасдан, тадбиркорлар июль ойиданоқ барча жойларда мактаб учун керак бўладиган буюмлар савдосини бошлаб юборади, савдо эса авжига чиқади. Нимаики ахтарсангиз, истаганингиздан ҳам зиёди бор. Аммо уларнинг сифати қандай?
Фақат ўзини ўйлаб, ўз манфаатини халқ манфаатидан устун кўраётган айрим «устамон тадбиркорлар« ўқув қуролларини ноқонуний чоп этиб, сотувга чиқармоқда.
Пойтахтдаги «Абу-Сахий» савдо мажмуасига айни масалани ўрганиш учун бордик. Сотувчиларнинг айтишича, мактаб сумкалари Хитойники ва ўзимизнинг тадбиркорлар ишлаб чиқараётган сумкаларга бўлинади. O‘zimizniki ҳам ёмон эмас. Шунга қараб уларнинг нархи ва сифатида ҳам фарқ бордир, деб ўйлайсиз. Аммо уларнинг нархида деярли фарқ йўқ. Харидорлар эса таклиф қилинаётган маҳсулотнинг кўплигидан унинг қай бири қаерники ёки сифатлироқ эканини ажрата олмайди ҳам. Бундан ноқонуний ишлаб чиқарувчилар унумли фойдаланмоқда.
Баъзи «ишбилармон» юртдошларимиз гўё ўзини тадбиркор санаб, сифатсиз, лекин пули «отнинг калласидай» маҳсулотлар тайёрлашга киришади ёки турли айланма йўллар билан божхоначилар кўзини шамғалат қилиб, таълим стандартларига мос келмайдиган матбаа маҳсулотлари билан бозорларни тўлдиради.
Амалдаги қонун ҳужжатларига чап бераётган бу каби «тадбиркорлар« фаолиятини тартибга солиш, уларга нисбатан кескин таъсир йўлларини қўллаш, ушбу муаммо бевосита келажагимиз эгалари тақдири, уларнинг эртанги куни билан боғлиқ экани ҳисобга олиниб чоралар кўрилаётир. Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Бош прокуратура, Давлат божхона ва солиқ қўмиталари, «Ўзстандарт» агентлиги, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ва бошқа ташкилотлар мазкур муаммони бартараф этишда ҳамкорликда фаолият юритиши муҳимдир.
Ярмарка аҳоли учун қулайми?
– Ўтган йили «Чилонзор» буюм бозорида ташкил этилган мактаб бозори ярмаркасидан фарзандим учун турли ўқув қуроллари олиш учун бордим, – дейди Моҳира Хидирова. – Сотувчиларнинг ҳар бири арзон нархларда ҳисоб-китоб қилишини айтиб, чақира бошлади. Уларда бир хил нарсанинг нархи ҳар хил. Бошида ўзим ҳам тушунмай жуда иккиландим. Ҳар бирида нархлар ҳар хил, аммо ҳисоблаганда деярли бир хил сумма келиб чиқди. Шундай экан, уларга харидорни ҳар томонга тортқилаб, чалғитишнинг нима кераги бор. Майли, бунга ҳам чидадим. Ўқув қуролларини деярли тўлиқ сотиб олдим. Аммо... Мирзо Улуғбек туманида жойлашган «Ширин» бозори ичида бир кичик канселярия молларини сотадиган дўконча бор. Одатда йил давомида шу дўкондан харид қиламиз. Мактаб бозоридан сотиб олган ўқув қуролларини рўйхат қилдиму шу дўконга бордим. Ҳисоблацам, мактаб бозоридан арзонроқ экан. Ўйлаб қолдим, мактаб ярмаркалари нима учун керак?
Масъул ташкилотлар маълум қилади
Халқ таълими вазирлигидан мактаб ярмаркаларида маҳсулотлар нарх-навосининг сунъий равишда ошиб кетишига йўл қўймаслик ва уларда тўлов терминалларининг узлуксиз ишлашини йўлга қўйиш мақсадида маҳаллий ҳокимликлар ва Давлат солиқ қўмитаси томонидан доимий назорат йўлга қўйилганлиги маълум қилинмоқда.
Умумтаълим мактаблари ўқувчиларини асосий турдаги ўқув қуроллари, дарсликлар, мактаб формаси, кийим-кечак ва пойабзаллар билан таъминлаш ва ота-оналар учун қулайлик яратиш мақсадида жорий йилнинг 10 августидан 10 сентябригача республикада жами 1 минг 325 та мактаб ярмаркаси фаолият юритади.
Мактаб ярмаркаларининг 931 таси умумий ўрта таълим мактабларида, 293 таси бозорлар ва улар атрофларида, 528 таси йирик савдо комплекслари, дўконлар ва аҳоли гавжум жойларда ташкил қилинган.
Республикадаги барча мактаб ярмаркаларида 26 турдаги зарур ўқув қуроллари ва жиҳозлари сотуви йўлга қўйилган.
Мактаб ярмаркалари фаолиятини уюшқоқлик билан ташкил этиш ва мувофиқлаштириш мақсадида маҳаллий ҳокимликларда мутасадди ташкилотлар вакилларидан иборат Ишчи гуруҳлар тузилган.
Изоҳ (0)