Тошкент шаҳар ИИББ транспорт воситалари чиқарувчи шовқин даражасининг меъёрларини белгилаш ҳақида таклиф ишлаб чиқди. Бу ҳақда бошқарма сайти маълум қилди, деб ёзади «Газета.uz».
Қарор пойтахт аҳолисининг тунда мотоцикллар чиқарадиган шовқини устидан тушган шикоятлари сабабли қабул қилинди.
Ўзбекистон қонунчилигида ишлаб турган пайтда шовқин даражаси белгиланган меъёрдан ошувчи транспорт воситаларини бошқарувчи ҳайдовчилар жавобгарлиги кўзда тутилган. Бунинг учун жарима ЭКИҲнинг 0,5 бараваридан 3 бараваригачадир. Бироқ транспорт воситалари чиқарувчи шовқин даражаси меъёри белгиланган норматив ҳужжат йўқ.
ИИББ раҳбари Рустам Мирзаев ташаббуси билан халқаро тажриба ўрганиб чиқилди ва Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги, шунингдек Соғлиқни сақлаш вазирлигига транспорт воситалари шовқин даражаси меъёрини белгилаб берувчи ҳужжатларни ишлаб чиқиш бўйича таклиф киритилди.
Охирги ҳафталарда Тошкент кўчаларини патруль қилувчи ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари мотоцикл эгаларига эътиборни кучайтирди. Улар билан профилактик суҳбатлар ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)