Ёшлар иттифоқи кўмагида ташкил этилган «Глобал тадбиркорлик тармоғи» доирасидаги маҳорат дарсларини ўтиш учун ўзбекистонлик бир гуруҳ йирик тадбиркорлар Наманганга келди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар бермоқда.

Фото: Раҳмонжон Мамадалиев

Меҳмонлар дастлаб «Истиқлол» дизайн маркази (Ideal Textile Group) ва Rouston мебел корхонасида бўлиб, маҳсулотлари нафақат Ўзбекистон, балки хорижда ҳам таниқли бўлган маҳаллий тадбиркорлар фаолияти билан танишди.

Фото: Раҳмонжон Мамадалиев

Фото: Раҳмонжон Мамадалиев

Сўнг Наманган шаҳридаги Давлат хизматлари маркази бориб кўрилди. Уларга бу ерда аҳоли ва тадбиркорлар учун яратилган имтиёзлар, кўрсатилаётган 100 дан ортиқ хизмат тури ҳақида ҳикоя қилинди.

Фото: Раҳмонжон Мамадалиев

Наманган вилояти ҳокимлигида ўтказилган давра суҳбатида ёш тадбиркорлар билан бевосита мулоқот уюштирилди. Улар ўртага ташлаган муаммо ва таклифлар тингланди.

Фото: Раҳмонжон Мамадалиев

Дастур Наманган шаҳридаги Ёшлар марказида ўтказилган «Муваффақиятга эришиш сирлари» мавзусидаги маҳорат дарслари билан якунланди. Унда 300 нафардан ортиқ иштирокчи — коллеж битирувчилари, бизнесини бошлаш арафасида турган йигит-қизлар, ёш тадбиркорлар иштирок этди.

Фото: Раҳмонжон Мамадалиев

Халқаро бизнес ва технологиялар ассоциацияси бошқаруви раиси Ҳикмат Абдураҳмонов, «Dekos» ва «Offise Market» корхоналари асосчиси Ҳасан Мамасаидов, «Deli.uz» раҳбари Ҳусан Мамасаидов, «Edu-Action» асосчиси Умид Эшмуҳаммедов, Paynet, LeBazar асосчиси Ботир Арифжонов, «Ground Zero» коворкинг марказлари раҳбари Абдулаҳад Қўчқоров, Fiori flower boutique асосчиси Нодира Воҳидова, «Nestle Ўзбекистон» компанияси бўлим бошлиғи Нигора Оқилова иш тажрибалари билан ўртоқлашди, ёшларнинг кўплаб саволларига жавоб берди.

Фото: Раҳмонжон Мамадалиев

— «Фаол тадбиркорлик ва инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» доирасидаги бундай тадбирлар, учрашувлар деярли барча ҳудудларда ўтказиб бўлинди. Навбат водий вилоятларига келганди, — дейди Fiori flower boutique асосчиси Нодира Воҳидова.

Фото: Раҳмонжон Мамадалиев

— Мақсад жойлардаги тадбиркорлар фаолияти билан танишиш, бизнесини бошлаш истагида бўлган ёшлар билан учрашиш, уларга маслаҳат ва кўмак беришдан иборат. Учрашувлардан қандай хулоса қилиш мумкин? Ёшлар жуда интилувчан, кўзлари ёниб турибди, бироқ кўпинча уларда билим етишмайди. Инвестицияларни қаердан жалб қилиш мумкинлиги ҳақида янглиш, романтик тасаввурлар кўп. Аксар ҳолатларда давлат кўмагига кўз тикиб тикиб қолинмоқда. Ваҳоланки, бизнесни бошлаш ва уни ривожлантириш учун ҳозирда шароит ва маблағ манбалари кўп. Фақат уларни излаш ва топиш керак. Биз шулар ҳақда тушунча беришга ҳаракат қиляпмиз.

Фото: Раҳмонжон Мамадалиев

Тадбиркорлар навбатдаги маҳорат дарсларини ўтиш учун Намангандан Қўқон шаҳрига йўл олди.