Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

2018 йилнинг 24 июль куни Самарқанд шаҳридаги 4-туғуриқ мажмуасида ургутлик Саодат Хайруллаева иккинчи фарзандини дунёга келтираётган вақтда вафот этди, дея «Дарё» мухбири Фарҳод Норбўтаев хабар бермоқда.

Саодат Хайруллаева.

Саодат Хайруллаева.
Фото: «Дарё»

— 23 июль куни қизимнинг дарди бошланди, — дейди Нуржаҳон Содиқова. — Кеч соат 23:00 атрофида Самарқанд шаҳридаги туғуриқхонага олиб бордик. У ерда Бўриев деган шифокор қизимни қабул қилди. Шу вақтда қизимнинг қайнонаси биринчи фарзандини қийин туғганлигини айтиб, эътиборли бўлишни, иложи бўлса «Кесарча кесиш» («Кесарево сечение») йўли билан туғдириб олишни сўраган. Қизимни текширувдан ўтказган шифокор унинг аҳволи яхши экани, ўз кучи билан туғишини айтди. Чақалоқ қориннинг юқори қисмида жойлашгани учун шифокор қизимга кўпроқ юришни буюрди. Қизим тунги 23:30 атрофидан то саҳар 04:00 гача учинчи қаватда юриб чиқди. Орадан озгина вақт ўтганидан сўнг, қизимни қабул қилган шифокор Бўриев бошқа шифокордан маслаҳат сўради. Иккинчи шифокор (Нуржаҳон Содиқова шифокорнинг исмини Наим деб айтди) қизимга чап томонга ёнбошлаб ётишини айтган. У тонгги соат 05:00 га қадар чап томонга ёнбошлаб ётган. Сўнг шифокор Бўриев бола пастга тушганини, туғдириб олишини айтган. Қизим туғишда қийналди. Шу боис ҳам ўзи шифокорлардан операция қилишни сўради. Қайнонаси ҳам операция қилишни илтимос қилди. Шифокорларнинг униси келди, буниси келди, аммо бирортаси ёрдам кўрсата олмади. Охири, ўзим шифокорларга қўлидан келган барча имкониятлардан фойдаланиб қизимга қарашларини, сўраган пулларини беришимни айтдим. Тўғриси, бу вақтда қизимнинг ўлиши хаёлимда ҳам йўқ эди. Мен болани асраб қолиш илинжида шу гапларни айтдим. Шифокорларга илтимос қилиб, операция йўли билан болани олишни сўрадим. Кейин Наим исмли шифокор келиб: «Опа, қанча беришга кучингиз етади?» — деб сўради. «Айтганингни бераман», — дедим. У киши 200 доллар сўради. Ҳозир ёнимда 150 минг сўм пул борлигини, ҳозирча шуни олиб туришини, қолганини молимни сотиб олиб келиб беришимни айтдим. Бу гапни эшитган шифокор индамасдан кетди.

Нуржаҳон Содиқованинг айтишича, шифокорлар туғуриққа келган Саодат Хайруллаевага «Туғасан, сени ўрнингга мен туғаманми? Биринчисини туғгансан, буни ҳам туғасан», — дея бақирган.

Фото: «Дарё»

— Қизим ўғил фарзандни дунёга келтириб, кўп қон кетиши натижасида оламдан ўтган, — дейди Нуржаҳон Содиқова. — Докторлар ички ишлар ходимларини чақириб воқеани ўзларича ҳужжатлаштирган. Биз эса бехабар бўлганмиз. Кейин билсак, қизим аллақачон ўлиб бўлган экан. Шунчаки улар вақтни ўтказиш учун бизни алдаб турган. Қизим вафот этганидан сўнг, экспертизага топширилган. Буни ҳам биз кейин билиб қолдик. Докторларнинг бир дона укол-дори қилганини кўрмадим. Қизим ўлаётган вақтда дори ёзиб беришди, ўзим бориб олиб келдим. Дорихонага бориб-келгунча анча вақт ўтади. Ёзганда ҳам худди одамни устидан кулгандай битта-иккита дори ёзиб беради. Уни олиб келсангиз, яна битта-иккита дори ёзиб беради. Шифохонанинг жавонларида эса дорилар шундай кўриниб турибди. Шулардан ишлаца ўрнига бир эмас, иккита олиб берардим. Алам қиладигани шуки, шифокорлар бир-бирига: «Камроқ ишлатинг, қолганини бошқа беморга ишлатамиз», — деган гапни ҳам айтди. Пахтасигача ўзим олиб келиб бердим. Докасигача олиб бердим. Бола ўлик туғилган бўлса ҳам, қизимнинг жони бор эди. Фақат ундан кўп қон кетаётган эди. Қонни тўхтатиш мумкин эди. Аммо докторлар эътиборсизлик қилди. Билими етмас экан, яхши мутахассисни чақириб ўз вақтида ҳаракат қилганида ҳеч бўлмаса қизим тирик қолар эди.

Чапдан: Нуржаҳон Содиқова, Саодат Хайруллаеванинг қайнонаси ва 1 ёшли ўғли Умиджон Худойбердиев / Фото: «Дарё»

Келин бўлганига атиги уч йил бўлган Саодатнинг ортида эндигина бир ярим ёшни қаршилаган ўғли Умиджон қолди.

Саодат Хайруллаева биринчи фарзанди билан / Фото: «Дарё»

Самарқанд шаҳридаги 4-сонли туғуриқхонада она ва болага эътиборсизлик ҳолати биринчи бор кузатилаётгани йўқ. 23 май куни туғуриққа келган Гўзал Ҳакимовага шифокорлар қиз фарзанд кўрганини айтган. Айнан ўша куни чақалоқ вафот этган ва шифокорлар Гўзал Ҳакимовага ўғил фарзандни берган. ДНК текшируви учун пул тўлашга имкони бўлмаган оила ўғил чақалоқни олиб дафн қилган.

1991 йили туғилган Элмира Қаюмова 19 июль куни Ургут туман туғуриқхонасига келган. Ҳомиланинг катта экани, туғиш учун кучи етмаслигини билиб бемор шифокорлардан операция йўли билан чақалоқни олишни сўраган. Бироқ шифокорлар аёлга ўзи туғишини айтган.

— 4 соатга яқин қийналдим, — дейди Элмира Қаюмова. — Аҳволим оғирлиги, ўзим туғолмаслигимни айтсам ҳам, шифокорлар операция қилишни истамади. «Ўзинг туғасан», деб туриб олди. Охири туғолмаслигимни билганидан сўнг операцияга олишди. Фарзандим операция жараёнида ўлганми ёки ундан кейинми — билмайман. Дориларнинг ҳаммасига ўзимиз харажат қилдик. Шифохонадан фақат арзон укол-дориларни қилишди, холос. Шифокорлар ҳомиладор аёлларга муомаласини яхши қилиб, уларни қийнамасдан туғишига ёрдам берсин. Бир-бирлари билан маслаҳатлашсин. Аҳволимни кўрган Баҳодир Ботиров деган шифокор тезда операция қилиш кераклигини айтган эди. Аммо Дилнавоз Толипова исмли шифокор бунга қаршилик қилди. Мана охирида барибир операция қилишди. Аммо кеч бўлган эди. Унгача чақалоқ қийналиб бўлган эди.

Ургут туман тиббиёт бирлашмаси туғуриқ бўлими мудири Муҳаммаджон Шодиевнинг айтишича, чақалоқ туғилаётганда унинг юрак уриши сустлашган. Элмира Қаюмова ўз кучи билан туға олмаслиги маълум бўлганидан сўнг операция қилинган.

— Биз бор имкониятимизни ишга солиб ҳаракат қилдик. Бироқ чақалоқ операция жараёнида нобуд бўлди, — дейди Муҳаммаджон Шодиев. — Кўпчилик ҳомиладор аёллар келиб операция орқали туғишини айтади. Аммо тиббиёт томонидан ҳеч қандай кўрсатмаси бўлмаса, биз операция қилолмаймиз. Агар операция қилишга тўғри келиб қолса, яқинларидан, турмуш ўртоғи, ота-онасидан розилик олишимиз керак.

Элмира Қаюмованинг онаси Бибираҳима Умарова 2 ой ичида иккита неварасидан айрилди. Самарқанд шаҳрида 4-сонли туғуриқхонада келини Гўзал Ҳакимованинг чақалоғи аввалига қиз, ўлганидан сўнг ўғилга айланиб қолган бўлса, Ургут туманидаги туғуриқхонада иккинчи невараси ҳам нобуд бўлди.

— Қайси шифохонага ишонишни билмай қолдим. Одамлар: «Шаҳардаги туғуриқхона яхши», — дейди. Шаҳарда шифокорлар туғилган чақалоқни аввалига қиз, ўлганидан сўнг ўғил деб турибди. Тўғриси тушунмай қолдим. Ургут туманидаги туғуриқхонада эса аҳвол бундай, — дейди Бибираҳима Умарова.

Туман тиббиёт бирлашмасида ҳомиладор аёллар учун ҳеч қандай шароит яратилмаганининг гувоҳи бўлдик. Хусусан, скрининг текширувига келган ҳомиладор аёлларга кутиш учун ўриндиқлар ўрнатилмаган.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Уларнинг айтишича, скрининг текширувдан ўтиш учун 7000—10000 сўмгача тўлов қилинаётган экан.

Фото: «Дарё»

Маълумотларга кўра, 2018 йилнинг ўтган даври мобайнида Ургут туманида 4082 та ҳомиладор аёл қабул қилинган бўлиб, 3622 та туғуриқ қайд этилган. Шулардан 10 тасида ўлик туғилиш қайд этилган, 459 нафар аёл Кесарча кесиш йўли билан туғган.

2018 йилнинг ўтган даврида вилоятда 28255 нафар чақалоқ туғилган бўлиб, 9 нафар онанинг ўлими қайд этилган. Оналар ўлими ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3 тага кўпайган. Вилоят бўйича 6 ой давомида 233 нафар гўдакнинг ўлими қайд этилган.

Аввалроқ, Самарқанддаги хусусий туғуруқхонада чақалоқлар савдоси йўлга қўйилгани, сотилмай қолганлари эса тиббиёт чиқиндиларини ёқишга мўлжалланган муфел печида ёқиб юборилгани хабар қилинган.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Маҳаллий
Ўзбекистон энергетикаси: ортаётган талаб, тақчиллик ва кўрилаётган чоралар ҳақида
Дунё
Қирғизистонда 9 кишида “Цефтриаксон”га аллергик реакция кузатилди, бир киши вафот этди
Маҳаллий
Беш йилда 218 мингдан кўпроқ хонадон. Ўзбекистонда уй-жой муаммоси қандай ҳал этилмоқда?