Ҳукумат қарори билан Ўзбекистон Адлия вазирлиги юридик коллежлари битирувчиларини Тошкент давлат юридик университети бакалавриатига ўқишга қабул қилиш тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда вазирликнинг Telegram’даги «Ҳуқуқий ахборот» канали орқали маълум қилинди.
Президентнинг 13 апрелдаги қарори билан 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб юридик коллежи битирувчилари Тошкент давлат юридик университетининг бакалавр босқичига ҳудудий адлия органларининг йўлланмалари бўйича тест синовларисиз якка тартибдаги суҳбат ўтказиш йўли билан кириши мумкинлиги белгиланган эди.
Низомда ушбу жараённинг қандай амалга оширилиши белгилаб берилди.
Низомга мувофиқ, Адлия вазирлиги юридик коллежи битирувчилари ТДЮУда ўқишни тўлов контракт асосида амалга оширади. Ўқишга қабул қилиш якка тартибдаги суҳбат натижаларига кўра белгиланади. Суҳбат абитуриентларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг моҳияти ва аҳамиятини тушунишини, ихтисосликни танлашдаги мотивациясини, шахсий-касбий хусусиятларини, чет тилини билиш даражасини аниқлаш мақсадида ўтказилади.
Юридик коллеж битирувчиларига ҳудудий адлия органлари томонидан йўлланмалар бериш масаласи билан шуғулланувчи комиссия тегишли ўқув йилининг 10 майидан кечиктирмай тегишли адлия органининг буйруғи билан ташкил этилади. Комиссия таркибига адлия органлари ва муассасалари ходимлари, бошқа ташкилотлар вакиллари киритилади.
Битирувчилар ҳар йили 25 майдан кечикмай махсус комиссияга йўлланма бериш учун ариза билан мурожаат қилиши лозим. Аризалар 1 июндан 10 июнга қадар кўриб чиқилади.
Битирувчининг ўзлаштириш кўрсаткичи рейтинг натижалари барча фанлардан 71 ва ундан юқори фоизни ташкил этиши, коллеж ижтимоий ҳаётидаги фаол иштироки, ўрнатилган ички тартиб қоидалар, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиши йўлланма бериш масаласини ҳал этишда минимал талаблар ҳисобланади.
Махсус комиссиянинг қарори асосида ҳудудий адлия органи раҳбари томонидан йўлланма бериш ёки йўлланма беришни рад этиш ҳақидаги якуний қарор қабул қилинади. Қарорнинг холислиги учун шахсий жавобгарлик ҳудудий адлия органи раҳбари зиммасига юкланади.
Ички тартиб-қоидаларни бузган битирувчига йўлланма берилмайди.
Тақдим этиладиган йўлланмалар сони коллеж битирувчилари умумий сонининг 30 фоизидан ошмаслиги керак.
Йўлланма олган абитуриент билан якка тартибдаги суҳбат 1 июлдан 10 июлгача Адлия вазирлиги ва ТДЮУ ходимларидан иборат таркибдаги комиссия томонидан ўтказилади. Суҳбат 20 дақиқагача давом этади ва 100 баллик тизимда баҳоланади.
Чет тилидан CEFR бўйича B1 даражасига, IELTS бўйича 5,5 ва ундан юқори баллга, TOEFL бўйича 70 ва ундан юқори баллга, TestDaF бўйича TDN3 даражасига эга бўлган абитуриентлар чет тили бўйича суҳбатдан озод этилади ва максимал 25 балл қўйилади.
Натижалар ТДЮУ веб-сайтида суҳбат ўтказилгандан сўнг эртанги иш кунида эълон қилинади. Абитуриентлар якка тартибдаги суҳбатга келмаганида, суҳбатда белгиланган максимал баллнинг 55 фоизи ва ундан кам балл тўплаганида уларни қабул қилиш амалга оширилмайди.
Бундан ташқари, суҳбат қайта ўтказилмайди ва натижалар устидан шикоятлар апелляция тартибида кўриб чиқилмайди.
Ўқишга қабул қилинган талабалар махсус уч йиллик дастур бўйича таълим олади.
ТДЮУ бакалавриати битирувчилари уч йил узлуксиз ишлаб бериш учун давлат ва хўжалик бошқарув органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, судлар ва бошқа ташкилотларга тақсимланади. Юқори рейтинг натижасига эга бўлган битирувчилар ўз танлови бўйича ишга жойлашадилар. Ишга тақсимлангандан сўнг битирувчилар бир ойдан ошмаган муддатда кўрсатилган иш жойида бўлишлари лозим.
Узлуксиз ишлаб беришдан бош тортган битирувчи ТДЮУда ўқишни битирган вақтда амалда бўлган шартнома суммасининг йигирма беш баравари миқдорида компенсация тўлаб бериши лозим.
Изоҳ (0)