2018 йилнинг биринчи ярим йиллигида Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик-ҳуқуқий департаменти ва Ўзбекистон Республикасининг хориждаги консуллик муассасалари томонидан 186 128 та консуллик ҳаракати амалга оширилди (қиёс учун, 2017 йил биринчи ярмида — 173 941). Бу ҳақда ТИВ сайтида эълон қилинган ҳисоботда айтилди.
2018 йилнинг шу даврида чет эл фуқароларига 131 535 та кириш визаси (2017 йил биринчи ярмида — 123 360) берилди, 16805 та Ўзбекистонга қайтиш сертификати расмийлаштирилди, 3117 та биометрик паспорт берилди, ФҲДЁга доир 6371 та ҳаракат амалга оширилди, фуқаролик масалаларига доир (фуқароликка қабул қилиш, чиқиш, йўқотиш ва тегишли эмаслик) 7844 ариза қабул қилинди.
Энг кўп консуллик ҳаракатлари Ўзбекистоннинг Туркманистон (21870), Тожикистон (16567), Россия (14421), Қозоғистон (14083) ва Хитойдаги (10882) элчихоналарида амалга оширилди.
Чет эл фуқароларининг мамлакатга келиши учун қулай шароитлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Президентининг 5326- сонли «Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига мувофиқ 2018 йил 10 февралдан эътиборан еттита давлат — Исроил, Индонезия, Жанубий Корея, Малайзия, Сингапур, Туркия ва Япония фуқаролари учун 30 кунлик муддатга визасиз тартиб жорий этилди.
Ушбу фармон билан 2018 йил 10 февралдан бошлаб 39 та давлат фуқаролари учун туристик визаларни расмийлаштиришнинг соддалаштирилган тартибини киритилди.
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларга ўз вақтида консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бўйича ишларни такомиллаштириш чораларини амалга ошириш доирасида 2018 йил март ойида Россия ҳудудида Санкт-Петербург шаҳрида Ўзбекистон бош консулхонаси ўз фаолиятини бошлади. Бундан ташқари, Қозоғистон ҳудудида Олмаота ва Оқтов шаҳарларида Ўзбекистон бош консулхоналарини очиш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Изоҳ (0)