Афғонистон шимолидаги Сарипул вилоятида ИШИД террорчилик гуруҳи худкуши томонидан амалга оширилган портлаш оқибатида 15 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Khaama Press агентлиги хабар бермоқда, деб ёзади «РИА Новости».
Афғонистон қуролли кучларининг мамлакат шимолидаги 209-корпуси вакили Муҳаммад Ханиф Ризоийнинг маълум қилишича, портлаш 17 июль, сешанба куни Сайёд туманида, «Толибон» ҳаракати етакчиларидан бири Муҳаммад Газанфарнинг дафн маросимида юз берган. Маросим чоғида ИШИД худкуш-террорчиси портловчи қурилмани ишга туширган.
Портлаш оқибатида 15 киши ҳалок бўлган, уч киши яраланган. Вилоят ҳукумати вакили 15 киши қурбон бўлганлиги ва беш киши жароҳат олганлигини маълум қилган.
Ризоийнинг қўшимча қилишича, Газанфар 16 июль куни ИШИД жангарилари билан тўқнашувда ҳалок бўлган.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)