Фарғонада 3 миллион сўм сохта қарздорликни уй эгасининг бўйнига қўйиб, 2 миллион эвазига қарз тўғрисидаги далолатномаларни йўқ қилишни таклиф қилган МИБ ходими қўлга олинди, деб ёзмоқда ЎзА.
Мақсаджон Зокиров Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Фарғона вилояти Қўқон шаҳар бўлимида электр энергия ва табиий газдан фойдаланиш тартибини назорат қилиш шўъбаси давлат инспектори лавозимида ишлаган. Вазифаси ҳудудлардаги газ, электр каби коммунал хизматлардан фойдаланганда юзага келган қарздорликни ундириш, улгуржи истеъмолчилардан аввалдан тўловларни амалга оширишни таъминлаш, энергия ресурсларидан юзага келган қарздорликни тўламаган тақдирда тармоқдан уздириш, улардан ноқонуний фойдаланилганда эса далолатнома расмийлаштириш ва чора кўришдан иборат бўлган.
М.Зокиров жабрланувчи — қўқонлик А.Т.ни яхши билар эди. Унинг хонадонидаги электр ҳисоблагич шаҳар электр таъминоти корхонасидаги базага киритилмаганидан ҳам хабардор эди. Бундан бир йил муқаддам Мақсаджон А.Т.нинг хонадонига бориб, 3 миллион қарзи борлиги, пулларни унга тўлаши кераклигини айтади. Назоратчи хонадонга далолатнома ҳам расмийлаштирилганини баён қилади. Қарздорлик борасида судга ҳужжатларни тақдим этиш билан А.Т.ни қўрқитиб, далолатнома бўйича ҳам қарздорликни тўлашни талаб қилди.
А.Т. Қўқон шаҳар электр тармоқлари корхонасига вазиятга аниқлик киритиш мақсадида боради. Оператор унга яшаётган манзили компьютер базасида мавжуд эмаслиги, хонадон учун ҳам далолатнома расмийлаштирилмаганлигини айтади.
Мақсаджон Зокиров ва А.Т. яна учрашади. Бу сафар А.Т. катта миқдордаги бу маблағни тўлай олмаслигини айтади ва Мақсаджон 2 миллион сўм эвазига барча қарздорлик ва далолатномаларни йўқ қилиб беришини маълум қилади. Янгидан пластик картали электрон ҳисоблагич ўрнатиб, компьютер базасида ҳам абонент рақами очиб беришга ваъда беради. Акс ҳолда, қарздорликни Мажбурий ижро бюросига ўтказиб юборишини айтиб таҳдид қилади.
Танг аҳволда қолган хонадон соҳиби М.Зокировнинг ҳаракатлари юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга ариза билан мурожаат қилди. Мақсаджон тезкор тадбирда қўлга олинди.
Суд М.Зокировни 2 йил муддатга моддий жавобгарлик ва мансабдорлик юклатилган вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, ҳар ойлик иш ҳақидан 25 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилади. ЖКнинг 62-моддасига асосан, М.Зокировнинг қамоқда ўтирган ҳар бир куни ахлоқ тузатиш ишлари жазосининг уч кунига тенглаштирилган. Жазонинг 6 ой 6 куни ўталган деб ҳисобланиб, жазо 2 йил 5 ой-у 24 кун деб белгиланди.
Изоҳ (0)