Япония императори Акихито серебрал анемия (мия камқонлиги) сабабли ўзини бетоб ҳис қилаётгани ва шифокор назорати остида бўлиши кераклиги маълум қилинган. Бу ҳақда «Киодо» агентлигига таяниб, «РИА Новости» хабар берди.
Маълумотларга қараганда, императорда 2 июль душанба куни тонгда кучли терлаш ва бош айланиши кузатилган. Сарой шифокорлари императорни тиббий кўрикдан ўтказган ва кўпроқ дам олишни, бундан буён доимий текширувда бўлишини тайинлаган.
2016 йил августда император халққа йўллаган махсус мурожаатида ёши туфайли ўз вазифаларини уддасидан чиқа олмаётгани, шунинг учун ваколатларини меросхўрига топшириш ва ҳукумат ишларидан узоқлашишни исташини айтган.
2017 йил декабрда император оиласи ишлари бўйича комиссия Акихито 2019 йил 30 апрелда истеъфога чиқиши ҳақида қарор қилган. Унинг меросхўри — шаҳзода Нарухито 2019 йил 1 май куни тахтга ўтиради.
Аслида Япония қонунчилигида императорнинг истеъфога чиқиши назарда тутилмаган. Акихито учун истисно тариқасида «махсус қонун» кучга кирган. Унга кўра Япония императори тахтни меросхўрига мерос қолдириши мумкин.
Изоҳ (0)