Жорий йилнинг 21 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг ташаббуси билан Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси, Олий суд ва Марказий банк ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 апрелдаги иқтисодиёт тармоқларида ҳисоб-китоблар тизимини такомиллаштириш, дебитор-кредиторлик, шу жумладан, бюджет олдидаги қарзларни қисқартириш масалалари юзасидан ўтказилган мажлис баёнида берилган топшириқлар ижросига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда МИБ «Дарё»га хабар берди.
Унда суд ижро ҳужжатлари асосида солиқ қарзини қисқартириш юзасидан ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлар, йўл қўйилаётган камчиликлар ва келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар кўриб чиқилди.
Давлат солиқ қўмитасининг марказий студиясида ДСҚ таркибий тузилмалари, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти, ҳудудлардаги студияларда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва туман (шаҳар) Мажбурий ижро бюроси бошқармалари бошлиқлари, давлат ижрочилари, вилоятлар Иқтисодий суди ва фуқаролик ишлари бўйича судлар раислари ҳамда туманлараро иқтисодий ва фуқаролик ишлари бўйича судьяларидан иборат жами 1526 нафар масъул мутахассислар иштирок этди.
Йиғилишда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ва Давлат солиқ қўмитасининг 2018 йил 20 майдаги қўшма буйруғи асосида қарздорларнинг мол-мулкларини хатлаш ва солиқ қарзини ундириш тадбирларига 1121 нафар ходим жалб этилиб, ўтган даврда 12,7 минг нафар қарздорларнинг қарзларини ундириш бўйича тегишли профилактик тадбирлар ўтказилган. Натижада 8,8 мингта солиқ тўловчидан 85,9 миллиард сўмлик солиқ қарзлари ундирилди.
Шу билан бирга, қўшма профилактик тадбирлар давомида солиқ қарзини тўламаган 3,9 мингта қарздорнинг 286,4 миллиард сўм қийматидаги мол-мулклари, шу жумладан, 878 та бино ва иншоот, 846 та транспорт воситаси ва 6,6 мингта бошқа турдаги мол-мулклари солиқ қарзи ҳисобига хатловга олинган.
Йиғилишда ҳамкорликдаги амалий чора-тадбирларни ташкил этишда камчиликларга йўл қўйган, натижавий кўрсаткичлари республика кўрсаткичидан паст бўлган вилоят ва туман давлат солиқ хизмати органлари раҳбарларига нисбатан кескин эътирозлар билдирилиб, камчиликларни қисқа муддатда бартараф этиш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.
Изоҳ (0)