2018 йил 28 июнда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма етти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Қарор матни ЎзАда келтирилган.
Қарорга кўра, Ўзбекистон мустақиллигининг йигирма етти йиллиги тантаналари «Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!» шиори остида ўтказилади.
Мазкур қарор билан ўзбек халқининг асрий орзуси, Ўзбекистонни халқаро ҳамжамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзосига айлантирган мустақилликнинг йигирма етти йиллигини муносиб кутиб олиш ва нишонлаш мақсадида байрамга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича республика комиссиясининг таркиби тасдиқланди.
Республика комиссиясига бир ҳафта муддатда «Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!» ғоясини ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастурини ишлаб чиқиш вазифаси топширилди.
Мазкур дастур 2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» Давлат дастури билан уйғун ҳолда тайёрланади.
Республика комиссияси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида Мустақиллик байрамига бағишлаб аҳолининг кенг қатламлари ўртасида маърифий учрашувлар, очиқ мулоқот ва суҳбатлар, адабий-бадиий кечалар, маданий тадбирлар ўтказиш мақсадида таниқли олимлар, ижодкор зиёлилар ва санъаткорлардан иборат маънавий-маърифий тарғибот гуруҳлари ташкил этиш ҳамда уларнинг аниқ режа асосида фаолият олиб боришини таъминлаш белгиланди.
Шунингдек, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Ўзбекистон Бадиий академияси, «Тасвирий ойина» ижодий уюшмаси ва бошқа тегишли ташкилотлар билан биргаликда «Энг улуғ, энг азиз», «Ранглар жилосида — она диёр», «Ватан учун яшайлик!» каби анъанавий кўрик-танловларни юқори даражада ўтказишни таъминлаш белгиланди.
Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов зиммасига юклатилди.
Изоҳ (0)