Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти суди икки фуқарога нисбатан қўзғатилган жиноят ишини кўриб чиқиб, уларга нисбатан оқлов ҳукмини чиқарди, деб ёзади ЎзА.
М. Азизов 2016 йил 8 февраль куни таниши Д. Мирзаакбаровага тадбиркорлик фаолиятидан кўрган даромадидан улуш бериб туришини айтиб, алдаб, 15 минг доллар пулни фирибгарлик йўли билан талон-торож қилганликда айбланган. Жиноят ишлари бўйича Ўзбекистон туман судининг ҳукмига кўра, Жиноят Кодексининг 168-моддасининг 1-қисми билан айбли деб топилиб, ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.
Мазкур иш жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди апелляция инстанциясида судланувчи ва ҳимоячиларнинг шикоятлари асосида кўрилиб, 2018 йил 8 июнь кунги ажрими билан биринчи босқич судининг ҳукми бекор қилиниб, М. Азизов Ўзбекистон Республикаси ЖПК 83-моддасининг 1-бандига асосан реабилитация қилинди.
Жиноят ишлари бўйича Фурқат туман судининг 2018 йил 14 март кунги ҳукмига кўра, Ҳафиза Мўминова Ўзбекистон туман халқ таълими бўлимида рус тили ва адабиёти фани услубчиси лавозимида ишлаб келган. У тумандаги рус тили ва адабиёти фани ўқитувчиларига йиллик ўқув иш режаларини текшириб имзо қўйиб беришни рўкач қилиб, таъмагирлик йўли билан 19 нафар ўқитувчидан пул маблағлари олганликда Жиноят Кодексининг 214-моддаси 3-қисми «а» банди билан айбли деб топилиб, икки йил моддий жавобгарлик ва мансаб лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, уч йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Мазкур жиноят иши жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти суди апелляция инстанциясида судланувчи ва ҳимоячининг шикоятлари асосида кўрилиб, суд ажрими билан биринчи босқич судининг ҳукми бекор қилиниб, Ҳ.Мўминова оқланди.
«Ҳар икки иш бўйича жиноий ҳодиса юз бермагани сабабли судланувчилар айбсиз деб топилди», — дейди судья Раҳматжон Арапов.
Изоҳ (0)