Ўзбекистоннинг М39 «Олмаота—Бишкек—Тошкент—Термиз» автомобиль йўли ва A373 «Тошкент—Ўш» автомобиль йўли ҳамда 4R12 «Бектемир—Чорбоғ » автомобиль йўлларига янги намунадаги махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари ўрнатилиб, ишга туширилганлиги ҳақида ҳайдовчилар оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоқлари орқали огоҳлантириб келинмоқда. Ушбу огоҳлантиришларга қарамасдан, 2018 йилнинг 16 февраль кунидан 19 июнь кунига қадар 68 мингдан ортиқ қоидабузарлик аниқланди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИБ ЙҲХБ матбуот хизмати «Дарё»га хабар берди.
Қоидабузар ҳайдовчилар томонидан белгиланган жарималарни тўлаш тартиби, қоидабузарлик ҳолати, тўлов амалга оширилгандан кейинги ҳолати ҳақидаги саволлар кўплаб келиб тушмоқда. Ушбу саволларнинг ечими юзасидан қуйидаги маълумотлар тақдим қилинмоқда:Қоидабузарлик содир этилганлиги ҳақидаги маълумотни олиш учун, 8860 қисқа рақамига транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномасининг серия, рақами SMS орқали юборилади, оз муддат ичида SMS орқали қоидабузарлик ҳақидаги маълумот (содир этилган сана ва жарима миқдори) келади;Қоидабузарлик бўйича белгиланган жарималар банк муассасаларидан «Мунис» тизими орқали, пластик картадан Click, PayMe иловалари орқали тўловлар амалга оширилиши мумкин.Тўловни қай тартибда амалга оширишидан қатъий назар қарздорлиги бўйича чиқарилган қарорнинг серия ва рақамларини тўлиқ киритиш лозим. Масалан, қарорнинг юқори қисмида қуйидаги рақам мавжуд (РА 00000000001) ушбу рақам киритилганда транспорт воситасининг давлат рақам белгиси ва эгасининг I.Ф.Ш ҳамда қанча жарима тўлаши кераклиги ҳақида маълумот тўлиқ чиқади ва шу тартибда тўлов амалга оширилади.Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 291-моддаси талаблари асосида 60 кун муддат ичида жарималарни тўламаслик, жарима тўлагунга қадар транспорт воситасини жарима майдонига қўйишга асос бўлади.
Изоҳ (0)