Ҳиндистонлик ўрмончи беш ярим метрли илон билан селфи тушмоқчи бўлиб, ҳаётдан кўз юмишига бир баҳя қолди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.
ОАВ маълумотига кўра, эркак Шарқий Бенгалия штатидаги қишлоқлардан бирининг аҳолисига ёрдам бериш учун келган. Ҳодиса жойига келган ўрмончи қишлоқдагилардан бирининг эчкисини бутунлигича ютиб юборган 40 килограммли илонни кўрган. Бундай вазиятда ўрмончи илонни қопга солиб, одамлардан узоқда, ўрмонга қўйиб юбориши керак бўлган. Бироқ эркак илон билан эсдалик учун бир нечта суратга тушмасдан туриб, ундан ажралишни хоҳламаган.
Ўрмончи илонни бўйнига қўйганидан кейин бир неча сония ўтгач, илон қимирлай ва унинг бўйнидан бўға бошлаган. Ҳолат акс этган видеода кўринадики, илоннинг хавфли ҳаракатини пайқаган эркак ундан қутулишга ҳаракат қилган, бироқ унинг ўзи бунинг уддасидан чиқа олмаган. Ўрмончининг оёқлари ҳам сиқилиб қолганидан кейин у ёрдамга чақира бошлаган ва бир неча киши ёрдам беришга киришган.
Беш кишининг ҳаракатидан кейин илонни эркакнинг бўйнидан олиб ташлашга муваффақ бўлинган. Айни вақтда унинг ҳаёти ва соғлиғига ҳеч нарса хавф солмаяпти. Илоннинг тақдири эса номаълум.
Изоҳ (0)