Хорижий мамлакатларда истиқомат қилаётган ўзбекистонликлар билан мулоқот ва самарали ҳамкорликни ривожлантириш Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакат ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган. Ушбу соҳада давлат сиёсатини такомиллаштириш топшириғи 2017—2018 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга ошириш Давлат дастурига киритилган, деб ёзади Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.
Шу муносабат билан, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан мамлакатнинг бошқа вазирликлари ва идоралари билан биргаликда «Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати Концепцияси» лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Ҳужжат лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси норматив ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг муҳокамаси порталида жамоатчилик кўриб чиқиши учун жойлаштирилди.
Барча қизиқиши бўлган шахслар концепция лойиҳаси билан танишиш ва ҳужжат юзасидан ўз фикр ва таклифларини билдириши мумкин.
Изоҳ (0)