Давлат органлари, вазирлик ва идора вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Хитойда «Электрон ҳукумат» ва электрон давлат хизматларини кўрсатиш тизимини ривожлантириш соҳасида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Делегация таркибидан Бош прокуратура, Мажбурий ижро бюроси, «Тараққиёт стратегияси» маркази, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги вакиллари ўрин олди.
Делегация аъзолари Huawei компаниясининг Шэньчжэнь шаҳридаги штаб-квартирасида бўлиб, хитойлик ҳамкасблари билан давлат бошқаруви органларини ривожлантиришда замонавий ахборот технологияларини қўллашни муҳокама қилди. Учрашувда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ва Huawei компанияси ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Ўзбекистон делегацияси давлат хизматларини кўрсатишда қўлланилаётган ахборот тизимлари, ресурслари ва маълумотлар базасини лойиҳалаштириш, уларни амалиётга жорий этиш ва интеграция қилиш бўйича ягона ёндашув ишлаб чиқиш соҳасида ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдирди.
Меҳмонлар Ханьчжоу ва Цзясин шаҳарларида ҳам бўлиб, «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантиришда қўлланилаётган энг сўнгги технологиялардан фойдаланиш имкониятлари ҳамда электрон ва автоматлашган давлат хизматларини тақдим этиш жараёнига АКТни жорий қилиш услублари билан танишди.
Изоҳ (0)