Тижорат банклари томонидан чет эл валютасидаги ҳисобварақларни юритиш тартибига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қарор Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.
Мазкур ҳужжатга жисмоний шахслар — резидентларнинг (шунингдек, юридик шахс мақомига эга бўлмаган якка тартибдаги тадбиркорларнинг) ҳисобварақларига нақд хорижий валюта ҳеч қандай чекловларсиз ўтказилиши мумкинлиги ҳақидаги ўзгартиришлар киритилган.
Шунингдек, жисмоний шахслар — норезидентларнинг ҳисобварақларига тегишли тасдиқловчи ҳужжатлар асосида халқаро пул ўтказмалари тизимлари орқали келиб тушган, банк ҳисобварағидан ва банк картасидан ечилган ҳамда Ўзбекистон ҳудудида қонуний асосларда топилган хорижий валюта ўтказилиши мумкинлиги белгиланган.