Адлия вазирлиги 8 июнь куни АҚШнинг USAID халқаро тараққиёт агентлиги билан Ўзбекистонда қонун устуворлигини мустаҳкамлаш соҳасида ҳамкорликни кўзда тутувчи ўзаро англашув меморандумини имзолади. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар бермоқда.
Мазкур ҳужжат USAID администратори ўринбосари Хавьер Педра ва адлия вазири Русланбек Давлетов томонидан имзоланди.
Адлия вазирлиги матбуот хизматининг хабар қилишича, меморандум 2017—2021 йиллар Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишни қўллаб-қувватлашни кўзда тутади.
Меморандумга кўра, қонун устуворлигини таъминлаш бўйича дастурлар доирасида USAID томонидан молиялаштирилувчи қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун уч йил давомида 12 миллион АҚШ доллари ажратиш режалаштирилмоқда.
Жумладан, янги қонунлар ва меъёрий-ҳуқуқий актлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, юридик кадрларни касбий ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш учун қулай ҳуқуқий муҳит яратиш режалаштирилмоқда.
Изоҳ (0)