Ўзбекистон Афғонистонда сел-сув тошқинларида зарар кўрган аҳолига инсонпарварлик ёрдами жўнатди. Бу ҳақда 21 май куни Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, инсонпарварлик юклари карвони президент топшириғига асосан, Афғонистонда кузатилган сел-сув тошқинларида зарар кўрган аҳолига кўмак кўрсатиш, уларни зарур воситалар ҳамда озиқ-овқат билан таъминлаш мақсадида “Айритом” чегара ўтказиш пункти орқали Балх вилоятига етказилди.
Инсонпарварлик ёрдами таркибидан 48 тонна ун, 22 тонна гуруч, 100 минг дона консерва ва 44 тонна макарон маҳсулотлари, 25 минг литр ўсимлик ёғи, 100 минг дона тез тайёрланадиган лағмон, шунингдек, 10 кишилик 100 та махсус қурилмали чодир ва 1 000 литрли 96 та сув сақлаш идишлари ўрин олган.
Шу муносабат билан Ҳайратон шаҳридаги Астрас компанияси президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев ва Сурхондарё вилояти ҳокими биринчи ўринбосари Шерзод Ражабов ҳамда Афғонистоннинг Балх вилояти расмийлари иштирокида инсонпарварлик ёрдамини топшириш маросими бўлиб ўтди.
Афғонистон томони вакиллари Шавкат Мирзиёев ва ўзбек халқига оғир пайтда кўрсатилаётган ёрдам учун ўз миннатдорлик билдирди.
БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастурига кўра, Афғонистонда кучли мавсумий ёмғирлар оқибатида юзага келган сув тошқинлари оқибатида 300 дан ортиқ одам ҳалок бўлди. Маҳаллий ҳокимият вакиллари қурбонлар сони ошиши мумкинлигини билдирган.
25 апрель куни Ўзбекистондан афғон халқига 8 та юк машинасига ортилган инсонпарварлик ёрдами жўнатганди. Ундан 48 тонна ун, 48 тонна буғдой, 15 минг литр ўсимлик ёғи, 10 минг дона консерваланган гўшт, 24 тонна шакар ва 22 тонна макарон маҳсулотлари ҳамда 100 минг дона тез тайёрланадиган қадоқланган лағмон пакетлари ўрин олганди.
185 тоннадан ортиқ зарурий озиқ-овқат маҳсулотлари ортилган инсонпарварлик ёрдамини жўнатганди.
Изоҳ (0)