Хитой пойтахти Пекин шаҳрида 2018 йил 1 июнь куни ШҲТга аъзо давлатлар оммавий ахборот воситаларининг биринчи форуми бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Унда Хитой, Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ҳиндистон, Покистон, шунингдек, кузатувчи мақомидаги Афғонистон, Беларусь, Мўғулистон, Эрон, мулоқот бўйича ҳамкор-давлатлар Арманистон, Камбоджа, Непал, Озарбайжон, Туркия, Шри-Ланка сингари 18 мамлакат ахборот-коммуникация соҳасида ваколатли органлари ҳамда етакчи ОАВ вакилларидан иборат делегация аъзолари иштирок этди.
«Медиа ҳамкорликнинг янги даври» мавзусида ўтган форумда ХХР Давлат кенгаши матбуот девонхонаси раҳбари Цзян Цзянго, ШҲТ Бош котиби Рашид Алимов ҳамда аъзо-давлатлар делегациялари раҳбарлари сўзга чиқди. Келаси ҳафта Циндао шаҳрида бўлиб ўтадиган ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги саммитига тайёргарлик жараёни ҳақида ахборот берилди.
Анжуман иши «Медиа ҳамкорлик учун янги платформа яратиш, биргаликда ривожланишни янги босқичга олиб чиқиш», «Гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш, халқлар маънавий бирлиги» мавзуларидаги шўъба йиғилишларида давом этди.
Форум доирасида ШҲТга аъзо давлатлар ахборот соҳасидаги ваколатли органлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумлар имзоланди.
Изоҳ (0)