Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг «Саодат» ойлик ижтимоий-сиёсий журналига Усмонова Мунаввархон Абдуҳакимовна бош муҳаррир этиб тайинланди, деб ёзади «Xabar.uz».
Шу пайтга қадар журналга раҳбарлик қилиб келган Жалилова Феруза Абдусаматовна бошқа ишга ўтганлиги сабабли Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи бўлиб ишлаб келаётган Усмонова Мунаввархон Абдуҳакимовна журналга раҳбар этиб тайинланди.
Мунаввархон Усмонова 1965 йил 13 июнда Андижон вилоятининг Марҳамат туманида туғилган. Меҳнат фаолиятини тумандаги Аҳолига маиший хизмат кўрсатиш корхонасида кадрлар бўлими инспектори сифатида бошлаган. Шундан сўнг Марҳамат тумани ҳокими ўринбосари, гимназия директори, Тошкент давлат аграр университети қошидаги академик лицей директори ўринбосари каби лавозимларда фаолият кўрсатган.
Мунаввархон Усмонова «Саодат»га бегона эмас — у 2008—2010 йилларда журналнинг адабий бўлимида муҳаррирлик қилган.