Ҳиндистондаги Жал-Маҳал саройининг катта қисми сунъий кўл остида яширинган. Афсонага кўра, сув омбори қуриш ва халқни қурғоқчиликдан қутқариш мақсадида сарой сув остида қолдирилган, деб ёзади TravelAsk.
Ражастан штатидаги Амер шаҳрида жойлашган Жал-Маҳал ёки Сув саройи XVIII асрнинг иккинчи ярмида Савай Мадҳо Сингх II томонидан қурдирилган ва ёзги қароргоҳ сифатида фойдаланилган. Афсонага кўра, бу ажойиб сарой қурилганидан сўнг Ҳиндистонда даҳшатли қурғоқчилик юз берган. Шундан сўнг маҳарожа дарёга тоғон қуришга ва сунъий кўл яратишга қарор қилган. Сув омбори тўлганидан сўнг саройнинг тўрт қавати сув остида қолган. Бугунги кунда саройнинг юқори қисмигина кўринади.
Аслида эса сарой жойлашган Ман Сагар сув омбори Жал-Маҳалдан анча аввал қурилган. XVI асрнинг охирида Ҳиндистонда ҳақиқатдан ҳам даҳшатли қурғоқчилик юз берган ҳамда ҳосилсизлик ва очарчилик келиб чиққан. Шундан сўнг Дабавати дарёсида 1610 йилда Ман Сагар сунъий кўли ҳосил қилинган.
Сарой эса Ман Сагар мавжуд бўлган вақтда қурилган. Сарой шундай лойиҳалаштирилганки, унинг пастки қисми сув остида қолиши керак бўлган. Қурилиш вақтида сув омборининг суви чиқариб юборилган. Дастлабки тўрт қавати сув ўтказмайдиган тош блокларидан қурилган, саройнинг том қисмида эса очиқ айвон жойлашган.
Бугунги кунда Жал-Маҳал Ражастан штатидаги сайёҳлар томонидан бориб кўриладиган асосий ёдгорликлардан бири ҳисобланади.
Изоҳ (0)