Бухорода темирйўл бекатининг бошлиғи пора олаётганида қўлга тушди
Бухорода юк вагонларини қабул қилиш ва топшириш учун «ҳақ» талаб қилган темирйўл бекати бошлиғи пора олаётган вақтида қўлга олинди. Бу ҳақда Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Когон темирйўл бекатига келган юк вагонларини ўз буюртмачилари ёки тегишли корхона ва ташкилотларга бериш ҳамда ўз вақтида қабул қилиб топшириш жараёнларида «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ Бухоро минтақавий темирйўл узелига қарашли Когон темирйўл бекати бошлиғи юкларни қабул қилиб топширувчи масъул шахслардан мунтазам равишда ҳар бир вагон учун 200 минг сўм миқдорида пул талаб қилиб келаётганлиги боис, унинг ноқонуний ҳаракатларига нисбатан қонун доирасида чора кўришни сўраб қилинган мурожаат юзасидан Бухоро вилоят ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ва Бухоро вилоят ИИБ ТЖХТБ ЖҚБ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбирлар олиб борилган.
Тадбир давомида Когон шаҳрида яшовчи, 1979 йилда туғилган, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ Бухоро МТУга қарашли Когон темирйўл бекати бошлиғи лавозимида ишловчи М.К. ўз хизмат хонасида Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига тегишли юкларни қабул қилиб топширувчи масъул шахсдан 200 минг сўм пулни тамагирлик йўли билан қонунга хилоф равишда олган вақтида тезкор ходимлар томонидан қўлга олинган.
«Ушбу ҳолат юзасидан М.К.га нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми ‘в’ банди билан жиноят иши қўзғатилган», — дейилади ИИБ ахборотида.