«Azon.uz» ахборот-таҳлилий портали ўз ўқувчиларидан бирининг «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфдан кейин ўринларига байъат қилиш мумкин бўлган пир борми?» — деган саволига жавоб берди.
«Тариқат йўлига кирмоқчи эдим. Ҳозирги кунда кўп пирларни маслаҳат беришди, лекин уларнинг шариатга тўғри келмайдиган гаплари бор эканлигини эшитиб, иккиланиб турибман. Марҳум шайхимиз Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг ‘Тасаввуф ҳақида тасаввур’ китобларини ўқиганимдан кейин бунга амин ҳам бўлдим.
Эшитишим бўйича, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳам Нақшбандия тариқати пири бўлган эканлар. Саволим шуки, у кишидан кейин ўринларига байъат қилиш мумкин бўлган пир борми? Ёки сиз билган шариатга қараб иш тутадиган шайхлар бор бўлса, маслаҳат берсангиз жуда миннатдор бўлар эдим», — дейилади нашр муштарийсининг хатида.
Портал унга қуйидагича жавоб берган:
«Ўзингиз ‘қўл берадиган’ муршид Қуръон ва Суннатга амал қиладиган, ҳаётини шариатга мувофиқ ўтказадиган бўлиши шарт. Сиз бу тўғрида иккиланиб тўғри қилгансиз, жуда диққатли бўлиш керак.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ ҳазратлари гарчи тасаввуф устози ҳам бўлсалар-да, бировни бу ўринга тавсия қилганларидан хабаримиз йўқ.
Аммо диёримизда Нақшбандия тариқати муршидларига мунтасиб бўлган аҳли илмлар бор».
Изоҳ (0)