Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан Президентнинг 2017 йил 8 августдаги «Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорининг Жиззах вилояти Зарбдор туманидаги ижроси ўрганилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Ишчи гуруҳ томонидан 309 хонадондаги 1400 дан ортиқ фуқаро билан мулоқот ўтказилди. Шунингдек, 40 ижтимоий соҳа объекти, 18 фуқаролар йиғини фолияти ўрганилди.
Мулоқотларда фуқаролар 178 муаммо, талаб ва таклиф билан мурожаат қилди. Уларда кўтарилган масалаларнинг 54 таси «Йўл харитаси»га киритилиши белгиланди. Жумладан, туман тиббиёт бирлашмаси тизимидаги муассасаларда кадрлар етишмаслиги жиддий муаммо бўлмоқда. Тор мутахассисликлар бўйича 14, қишлоқ врачлик пунктларида саккиз нафар умумий амалиёт шифокори етишмайди. Бу сурункали касаллик билан оғриган беморларни диспансер ҳисобига олишда қийинчилик туғдирмоқда.
Ўрганишлар давомида коммунал соҳа, ичимлик суви, электр энергияси ва газ таъминоти, ички йўллар ҳолати, ижтимоий нафақаларни тайинлаш ва бандликни таъминлашдаги қатор камчиликлар аҳолининг жиддий эътирозига сабаб бўлаётгани аниқланди.
Ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳаларда мавжуд муаммоларни бартараф этишга амалий кўмак бериш мақсадида ўтказилган ўрганиш якунлари халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясида муҳокама қилинди.
Сессияда Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари С. Отамуродов, Жиззах вилоятидан Қонунчилик палатасига сайланган депутатлар, туман кенгаши депутатлари сиёсий партиялар фаоллари мавжуд муаммоларни атрофлича таҳлил этиб, уларни келтириб чиқарган сабаблар ва бартараф этиш йўлларини муҳокама қилди. Камчиликларни бартараф этиш юзасидан белгиланган чора-тадбирлар ижросини таъминлашда депутатлар назоратини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Изоҳ (0)