Самарқандда жойлашган Садриддин Айний уй-музейида таъмирлаш ишлари олиб борилади. Бу ҳақда Sputnik хабар бермоқда.
Садриддин Айнийнинг ёдгорлик уй-музейи 1967 йилда Ўзбекистон ҳукумати ташаббуси билан ташкил этилган. Музей очилганидан бери унинг экспозицияси икки марта янгиланган. Охирги марта шу йил 15 апрель куни буюк олимнинг 140 йиллиги муносабати билан уй-музейга Садриддин Айнийга тегишли бўлган ҳужжатлар келтирилди.
Шунингдек, уй-музей 2018 йил март ойи якунида кичик таъмирлаш ишлари учун ёпилган. Май ойининг иккинчи ярмида эса музей 2 ойга тўлиқ таъмирлаш учун ёпилади.
«Тожикистон истиқлолининг 10 йиллигига бу кишига Тожикистон қаҳрамони унвони берилган. Шунинг учун ҳам у ердан институт ва университет талабалари, ҳаттоки оддий аҳоли ҳам бу кишининг уйлари, яшаган жойларини кўришга келяпти», — деди музей ходимаси Фарида Нарзуллаева.
Унинг сўзларига кўра, 15 апрель куни уй-музейда Айнийнинг 140 йиллик юбилейи катта тантана тарзида нишонланган:
«Мана шу юбилей муносабати билан уй-музейда қўшимча экспозициялар очилди, мана бу қўлёзма, китоблар, устозга тегишли шахсий ҳужжатлар шулар жумласидан».
Аёл музейни таъмирлаш учун Ўзбекистон ҳукумати томонидан 300 миллион сўм (37 минг доллар) маблағ ажратилганини маълум қилди. Музей тўлиқ таъмирдан чиқарилади, тартибга келтирилади, ободонлаштириш ишлари амалга оширилади. Тегишли концепция ишлаб чиқилган.
Изоҳ (0)